Прагада иккита поезд тўқнашиб кетди. 46 киши жабрланди (видео)

World

−

image

Бугун, 17 ноябрь куни эрталаб Чехия пойтахти Прагада икки йўловчи поезди иштирокида авария содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 46 киши жароҳатланди. Уларнинг тўрт нафари оғир аҳволда, ҳаёти хавф остида. Бу ҳақда Чехия полицияси матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, тўқнашув Прага марказий темир йўл вокзали яқинида содир бўлган. Ҳодиса жойида қутқарув ишлари олиб борилган. Авария Сейфертова кўчаси устидан ўтган темир йўл кўпригида, Булхар чорраҳаси яқинида, эрталаб соат еттилар атрофида юз берган.

Чехиянинг “České dráhy” темир йўл ташувчиси маълумотига кўра, тўқнашувда Миловице йўналишида ҳаракатланаётган OS 9409 электр поезди ва Млада-Болеславдан йўлга чиққан OS 9507 дизель поезди иштирок этган.

Ҳозирча поездларнинг қандай қилиб бир йўлга чиқиб қолгани ва тўқнашувга нима сабаб бўлгани маълум эмас. Ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда.

Авариядан кейин Прага марказий вокзалидан Височани, Либень ва Голешовице йўналишларида поездлар ҳаракати тўхтатилган. Шунингдек, темир йўлнинг мазкур қисмида ҳаракат вақтинча чекланган, узоқ масофага қатнайдиган поездлар эса бошқа вокзалларга йўналтирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тўқнашув оқибатида етказилган моддий зарар камида 650 минг еврога баҳоланмоқда.

Чехия Транспорт вазири Иван Беднаржик ҳодиса ҳолатлари ўрганилаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миср пойтахти Қоҳиранинг жанубида икки йўловчи поезд тўқнашганди. Ҳодиса оқибатида 7 киши, жумладан, поезд машинисти ҳалок бўлган, камида 125 киши жароҳатланган эди. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends