Польша Украина учун қурол-яроғ харидини молиялаштиришдан бош тортди

World

−

image

Польша Украина учун АҚШ қуролларини харид қилишга маблағ ажратишни тўхтатади. Мамлакат Бош вазири Дональд Туск НАТО Бош котиби Марк Рюттега ҳозирча PURL дастурига ҳисса қўшмасликларини билдирган. Бу ҳақда “Газета.Ru“ хабар берди.

Тускнинг айтишича, бундай қарор Польша бюджети катта тақчиллиги ва мудофаа харажатлари билан боғлиқ.

Аввалроқ, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский мамлакат Президенти Карол Навроцкийнинг Украинага нисбатан “шубҳа билан“ муносабатда бўлаётганини айтганди. Вазир президент бу позициясини ўзгартириб, АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик йўналишини қайта кўриб чиқишига умид билдирган.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни эса Польша Бош штаби собиқ ўринбосари, генерал Леон Коморницкий Украинани “парчаланиб бораётган давлат“ деб атаб, унинг армияси Европа Иттифоқи маблағлари ҳисобига фаолият юритаётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, PURL (Prioritised Ukraine Requirements List) — НАТО томонидан 2025 йил июль ойида АҚШ билан ҳамкорликда ишга туширилган, Украина учун зарур қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни харид қилиш механизми.
Дастур доирасида Украина ўзининг зарур қурол-аслаҳа ва ўқ-дориларга бўлган эҳтиёжини белгилайди. НАТО ушбу эҳтиёжлар асосида харид пакетларини шакллантиради, Европа давлатлари ва бошқа ҳамкорлар эса уларни молиялаштиради. Харид қилинадиган қуроллар АҚШда ишлаб чиқарилади ва НАТО мувофиқлаштируви орқали Украинага етказилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польшадаги Варшава университети профессори Адам Веломский Киев Россия билан дарҳол музокараларни бошлаши кераклигини айтган эди. Унинг фикрича, Украинанинг сафарбарлик имкониятлари “чегарага яқинлашган“ ва мамлакатнинг имкониятлари тез орада тугаши мумкин.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends