Польша ҳудудига номаълум объект қулади (видео)
World
−
13:24 314 2 minutes
Бугун, 20 ноябрь куни эрталаб Польша ҳудудига номаълум объект тушган бўлиши мумкин. Ҳозирда мамлакат ҳаво ҳудуди бузилгани эҳтимоли текширилмоқда. Бу ҳақда “Niedziela” нашри хабар берди.
Польша Қуролли кучлари Оператив қўмондонлиги матбуот котиби, подполковник Яцек Горишевскийнинг маълум қилишича, эҳтимолий қоидабузарликлар соат 06:30 дан кейин кузатилган. Ҳарбийлар мамлакат ҳаво ҳудудининг икки марта бузилган бўлиши мумкинлигини текширмоқда.
Радар тизимларидаги маълумотлар Билгорай округига номаълум объект тушган бўлиши эҳтимолини кўрсатган. Гап Хмелек қишлоғи, Нови Липовец аҳоли пункти яқини ҳақида бормоқда. Маҳаллий аҳоли ҳам бу ҳақда тегишли хизматларга хабар берган.
Ҳозирда ҳарбийлар иттифоқчилар ва маҳаллий аҳолидан маълумот тўпламоқда. Ҳодиса жойига дастлаб полиция ва ёнғин-қутқарув хизматлари етиб бориши, шунингдек, Польша Ҳудудий мудофаа кучларининг қидирув-қутқарув гуруҳи юборилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Польша Ҳукумат хавфсизлик маркази Люблин ва Подкарпат воеводстволарида ҳаводан ҳужум хавфи ҳақида эълон қилинган огоҳлантиришни бекор қилган. Аҳолига юборилган хабарда мамлакат ҳудудида ҳужум хавфи йўқлиги маълум қилинган.

Аввалроқ эса ушбу ҳудудлардаги аҳолига ҳаводан ҳужум хавфи борлиги ҳақида SMS-огоҳлантириш юборилиб, хавфсиз жойга ўтиш ва тегишли хизматлар кўрсатмаларига амал қилиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия пойтахти Тбилисидаги беш қаватли турар жой биноларидан бирида портлаш юз бергани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All