Пенсияни кўпайтириб бериш учун пора олган ҳоким ёрдамчиси ушланди
Crime
−
10:39 1346 1 minute
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ҳоким ёрдамчиси фуқародан пенсиясини кўпайтириб бериш эвазига 15 миллион сўм олиб, унинг 14,9 миллион сўмини қайтариб бераётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, “Жамбул“ маҳалласининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Б.Х. фуқаро Ш.Ю.нинг ишончига кирган.
У гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Ш.Ю.нинг турмуш ўртоғи З.К. гa ёшга доир пенсия миқдорини кўпайтириб беришини ваъда қилган. Эвазига 15 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Б.Х. 14,9 миллион сўмни Ш.Ю. гa қайтариб бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида Савдо-саноат палатаси бўлими бошлиғи фуқарога аукцион орқали 2 гектар ер олиб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига ундан олган 5 миллион сўмни қайтариб бераётган вақтида ушланган эди.