Пашинян Арманистон – Россия муносабатларида “муқаррар ўзгаришлар” бўлишини эълон қилди

World

image

Арманистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар “муқаррар равишда ўзгаради” ва бу ўзгаришлар муайян шахс ёки сиёсий куч билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда Арманистон Бош вазир Никол Пашинян “Boon TV” каналига берган интервьюсида маълум қилди.

“Россия Федерацияси билан муносабатларимиз муқаррар равишда ўзгаради, бу бирор-бир шахс ёки сиёсий куч билан боғлиқ эмас. Ким бўлишидан қатъи назар, Арманистон ва Россия муносабатлари аввалгидек бўлмайди”, дейди у.

Никол Пашинян Москва билан аввалги муносабатлар формати низо шароитида шаклланганини, энди эса Арманистон “тинчлик муҳитида” эканини қўшимча қилган. У бўлажак трансформацияни айнан шу билан боғлаган.

Шу билан бирга, Бош вазир Ереван Россия билан алоқаларни узиш ниятида эмаслигини айтган.

“Биз муносабатларимизни чуқурлаштиришни хоҳлаймиз, аммо янги муҳит ва янги шароитларда. Арманистон Москва билан низолашмайди, балки вазминлик ва изчиллик билан ўз позициясини ҳимоя қилишда давом этади”, дейди у.

Эслатииб ўтамиз, жорий йилнинг 1 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида музокаралар ўтказган эди. Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш нияти ва ушбу қарорнинг Россия билан муносабатларга эҳтимолий оқибатлари бўлган.

Россия етакчиси ўз баёнотида Москва Арманистон билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлаган. Бироқ унга кўра, Ереваннинг Европа йўналиши Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги кейинги ҳамкорлик учун қийинчиликлар туғдириши мумкин.

Ўз навбатида, Никол Пашинян Арманистон Россия билан муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини тасдиқлаган. У Ереван Европа Иттифоқига аъзо бўлиш интилишида Россия ва ЕОИИ билан келишувларнинг бузилишини кўрмаётганини қўшимча қилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends