Паркентдаги боғчада кўз касаллиги билан боғлиқ ҳолат юзасидан изоҳ берилди
−
12:04 231 2 minutes
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида болалар ўртасида кўз касаллиги тарқалаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Паркент туманидаги 3-сонли боғчада кўз касаллиги аломатлари билан келган бола муассаса ҳудудига киритилмаган, бошқа тарбияланувчиларда эса бундай белгилар аниқланмаган. Бу ҳақда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 10 ноябрь куни Паркент туманидаги «Қорақалпоқ» қишлоғида жойлашган 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига 2022 йилда туғилган бола кўз касаллиги аломатлари билан келган. Боғча маъмурияти унинг саломатлиги билан боғлиқ белгиларни инобатга олиб, ҳудудга киритмаган ва шифокор кўригидан ўтиши учун юборган.
Кейинчалик бола туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги 42-сон оилавий поликлиника офталмологи томонидан кўрикдан ўтказилган. Унга “H10.3 — аниқланмаган ўткир конъюнктивит” ташхиси қўйилиб, тегишли даволаш муолажалари белгиланган.
Шунингдек, боланинг оиласида ҳам касаллик аломатлари кузатилган. Жумладан, унинг катта фарзанди ва отасида ҳам шунга ўхшаш белгилар аниқланган. Айни пайтда уларга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Бошқарма маълумотига кўра, ҳозирга қадар бундай шикоятлар билан мурожаат қилган бошқа беморлар қайд этилмаган. Боғча маъмурияти ҳам бошқа тарбияланувчиларда кўз касаллиги аломатлари кузатилмаганини билдирган. Шу муносабат билан ота-оналардан фарзандларининг саломатлигига эътиборли бўлиш, кўзда қизариш, ёшланиш ёки ажралма келиши каби белгилар пайдо бўлса, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳридаги учта боғчада тарбияланаётган болалар овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага мурожаат қилганлиги ҳақида хабар берилди.
Live
All