Ozon Украина ҳужумлари оқибатида 30 млрд рублдан ортиқ зарар кўрди

World

−

image

Россиянинг Ozon маркетплейси Украина дронларининг 11 та логистика марказига ҳужумлари оқибатида етказилган зарарни 30,1 миллиард рублга баҳолади. Бу ҳақда “Meduza” нашри хабар берди.

Зарар миқдорига омборларда йўқ қилинган товарлар, шикастланган ускуналар ҳамда бошқа йўқотишлар ва харажатлар киритилган. Компания айрим хавфлар суғурталанганини билдириб, суғурта ташкилотлари билан товон пулини олиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда.

Шунга қарамай, Ozon учинчи чоракда молиявий ўсишни қайд этган. Компаниянинг соф фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга ошиб, 3,7 миллиард рублни ташкил этган. Даромад эса 1,6 баробарга ўсиб, 421,2 миллиард рублга етган. Ҳисобот даврида мижозларга етказилган буюртмалар сони ҳам 76 фоизга кўпайиб, 1,2 миллиардтага етган.

Маълумотларга кўра, 2026 йил ёзидан Украина Россиядаги савдо ва логистика инфратузилмасига ҳам ҳужумларни кучайтирган. 18 июль куни дронлар Wildberries омборига илк бор зарба берган. Кейинги уч ой давомида компаниянинг 36 та омбори ҳужумларга учраган.

22 августдан эса Ozon логистика марказларига ҳам ҳужумлар бошланган. Октябрь ойида Украина дронлари Россиядаги рақамли инфратузилма объектларини ҳам нишонга олган. Жумладан, Yandex маълумотлар марказлари, Sberbank ва Федерал солиқ хизмати маълумотлар марказларига зарбалар берилгани хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Россия армияси 2 ноябрь куни Украинанинг Запорожье вилоятидаги гуманитар ёрдам тарқатиш маркази ва унинг ёнидаги бошпанaга авиабомбалар билан зарба берганди. Ҳужум оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлди, яна 5 киши жароҳатланди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends