Озарбайжон Туркиянинг 31 фуқаросига санкция қўллади. Вазият жиддий!
World
−
16:53 2533 3 minutes
Озарбайжон Туркиянинг 31 нафар фуқаросини “номақбул шахслар” деб эълон қилди ва уларга мамлакатга киришни тақиқлади. Рўйхатда “Yeniden Refah Partisi” (“Қайта фаровонлик”) партияси раиси Фотиҳ Эрбоқон, депутат Умар Фарруҳ Гергерлиўғли, собиқ спорт ҳаками Аҳмад Чақар ва журналист Юсуф Қоплон, Аясофиянинг собиқ имоми ва Мармара университети илоҳиёт факультети ўқитувчиси Меҳмет Бўйниқалин ҳам бор. Рўйхат Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди.
Санкция қўлланилган шахслар рўйхатида сиёсий, оммавий ахборот воситалари, академик ва диний доиралардаги таниқли шахсларнинг мавжудлиги эътиборни тортади.
Баёнотда ушбу қарор мамлакат суверенитети, миллий хавфсизлиги ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилингани қайд этилган. Рўйхатга киритилган шахслар ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида Озарбайжон суверенитети, конституциявий тузуми, халқи ва раҳбариятига қарши қаратилган баёнотлардан фойдаланган.
Ҳужжатда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан ўзгартиришга чақириш, диний радикализм асосида зўравонликни рағбатлантириш ва диний нафрат ва адоватни қўзғатиш каби даъволар қарор қабул қилиш учун асослар сифатида санаб ўтилган.
Бироқ, рўйхатда кўрсатилган шахсларнинг айнан қайси бирига ва қандай баёнот ёки хатти-ҳаракати туфайли санкция қўлланилаётгани ҳақида аниқ мисоллар эълон қилинмади.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига қарши қаратилган деб ҳисоблаган баёнотларга ва адоватни қўзғатадиган фаолиятга қарши чораларни кўришда давом этишини маълум қилган.
Санкция рўйхатига киритилган шахсларнинг асосий қисми сиёсатчилар, дин вакиллари, журналист, ёзувчилар ва ижтимоий тармоқ фаоллари бўлиб, улар орасида Туркиянинг атоқли сиёсий ва давлат арбоби, олим ва муҳандис, мамлакатнинг собиқ Бош вазири (1996–1997) Нажмиддин Эрбоқоннинг ўғли Фотиҳ Эрбоқоннинг борлиги эътиборни тортади. Боиси, Нажмиддин Эрбоқон Ҳукуматга бошчилик қилган даврда ташқи босимларга қарамай, Озарбайжоннинг Қорабоғ масаласи бўйича қатъий позициясини билдира олган ва бу борада Бакуни қўллаган саноқли раҳбарлар тоифасига кирган.
Озарбайжонда Туркиянинг 31 фуқаросига нисбатан санкция яқинда Бакудаги мактабларда рўмол ўраган ўқувчи ва ўқитувчилар мактабдан четлаштирилиб, дарсларга киритилмаётгани акс этган видеолар ортидан билдирилган муносабат ва танқидларга жавобан қўлланилгани тахмин қилинмоқда. Аммо, расмий Баку буни тасдиқлаганича йўқ.
Жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида Озарбайжон мактабларида қизларнинг рўмол (ҳижоб) ўраб келишига чекловлар киритилгани ҳақидаги хабарларга жавобан, Фотиҳ Эрбоқон Озарбайжон раҳбарияти ва Президент Илҳом Алиев шаънига кескин танқидий баёнот берди. У бу тақиқни "қолоқлик, ақлдан ташқари ва виждонга зид" деб атади.
Live
All