Ота-она қарамоғисиз қолган 11 бола Ўзбекистонга қайтарилди

Local

image

Ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 11 нафар вояга етмаган ўзбекистонликлар хориждан қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ўтган ҳафта давомида ота-она қарамоғисиз қолган болаларни қайтариш бўйича ишлар олиб борилган. Жумладан, 9 нафар бола Россиядан, 2 нафари эса Қозоғистондан Ўзбекистонга олиб келинган.

Болаларни ортга қайтариш ишлари Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган. Бунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) кўмагида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилинган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга қайтарилган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни оилавий муҳитга қайтариш ҳамда зарур ижтимоий хизмат ва ёрдамлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

“Болаларнинг кейинги ҳолати ва оилага мослашуви уларнинг яшаш манзили бўйича “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ижтимоий ҳамроҳлик асосида кузатиб борилади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг турли ҳудудларида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган ёки оғир ижтимоий аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларининг 12 нафар вояга етмаган фарзанди ортга қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends