Оролни қисман тиклаш учун $9,7 млрд кетади – тадқиқот
Local
−
10:36 1013 3 minutes
Бир вақтлар атмосферадаги карбонат ангидридни ўзида сақлаган Орол денгизи қуриб кетгач, аксинча, ҳавога катта миқдорда CO₂ чиқарадиган ҳудудга айланди. Тадқиқотга кўра, 1960 йиллардан 2022 йилгача Оролнинг қуриб кетган тубидан атмосферага 748 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқарилган. Бу ҳақда “National Geographic” хабар берди.
Маълум қилинишича, Испания бошчилигидаги халқаро тадқиқотчилар гуруҳи Орол денгизи қуриши натижасида унинг тубида илгари тўпланган углерод билан нималар содир бўлганини ўрганган. Тадқиқот доирасида олимлар 2022 йилда Оролнинг қуриб кетган тубида экспедиция ўтказиб, турли нуқталардан намуна олган.

Олимларнинг таъкидлашича, сув ҳавзалари тубидаги чўкиндилар катта миқдордаги углеродни сақлайди. Сув мавжуд бўлган даврда сув ўтлари ва ўсимликлар атмосферадаги карбонат ангидридни ўзлаштиради. Улар нобуд бўлгач, таркибидаги органик моддалар сув ҳавзаси тубига чўкиб, углерод шаклида сақланиб қолади. Бироқ кўл ёки денгиз қуриб қолганида ушбу органик моддалар парчаланиб, улардаги карбонат ангидрид атмосферага чиқади.
Тадқиқотчилар Оролнинг қуриб кетган тубидаги 14 нуқтадан чўкинди намуналари олган. Шунингдек, ҳудуддан атмосферага қанча карбонат ангидрид чиқаётганини ва унинг таркибини ўрганган. Натижалар чиқиндилар айнан аввал Орол тубида тўпланган органик моддалардан келиб чиқаётганини тасдиқлаган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Орол денгизи қуриши бошланганидан буён унинг тубидан атмосферага 748 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқарилган. Бу ҳозирги Ўзбекистон учун ҳам жиддий экологик муаммо бўлиб, Орол тубининг иқлимга таъсири қуриш жараёни билан тугамаганини кўрсатади.
Тадқиқот давомида Орол тубидаги чўкиндиларда ҳали ҳам атмосферага чиқиши мумкин бўлган 605 миллион тонна карбонат ангидридга тенг миқдордаги органик углерод мавжудлиги аниқланган. Олимлар ушбу углероднинг атмосферага чиқишини тўхтатиш Оролбўйи ҳудудининг экологик ҳолатини яхшилаши билан бирга, иқлим ўзгаришига қарши курашга ҳам ҳисса қўшиши мумкинлигини қайд этган.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, Оролга сув қайтариш лойиҳаси доирасида олди олинган чиқиндилар учун карбон-кредитларидан 3,6 миллиард доллардан 18 миллиард долларгача маблағ жалб қилиш имконияти мавжуд. Бу маблағлар Оролни тиклаш лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин.

Аввалги тадқиқотларда Орол денгизининг сув билан қопланган майдонини қайта кенгайтириш имкониятлари ҳам ўрганилган. Бунинг учун Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги давлатларнинг ҳамкорлиги, суғориш тизимларини модернизация қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш талаб этилади. 1960 йилда сув билан қопланган Орол ҳудудининг камида ярмини қайта тиклаш учун зарур инфратузилмавий ўзгаришлар тахминан 9,7 миллиард долларга тушиши таҳмин қилинган.
Бироқ мутахассислар бутун Орол денгизини аввалги ҳолатига қайтариш ҳозирча сиёсий, ижтимоий ва техник жиҳатдан ниҳоятда мураккаб вазифа эканини таъкидламоқда.
Олимларнинг фикрича, Орол муаммоси алоҳида ҳолат эмас. Дунёнинг бошқа ҳудудларида қуриб бораётган кўллар тубида ҳам катта миқдордаги углерод мавжуд бўлиб, уларнинг қуриши атмосферага қўшимча иссиқхона газлари чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каспий денгизида сув сатҳи йилига 10-20 сантиметрга пасайиб, сўнгги 200 йилдаги энг паст даражага тушгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All