Оролбўйида тиббиёт кадрлари халқаро стандартлар асосида тайёрланади

Local

image

Сифатли тиббий хизмат, аввало, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассисга боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясининг ташкил этилиши Оролбўйи учун муҳим аҳамиятга эга.

Академия Оролбўйининг экологик, демографик ва тиббий хусусиятларини инобатга олган ҳолда, тиббиёт ходимларини халқаро стандартлар асосида, рақамли ва амалиётга йўналтирилган усулда тайёрлашга ихтисослашади.

Академиянинг қуввати:

  • йилига 3 минг нафар шифокор;
  • 6 минг 800 нафар ўрта тиббиёт ва фармасевтика ходими малакасини ошириш;
  • Оролбўйидан 100 нафарга яқин клиник ординатор тайёрлаш.

Узоқ ҳудудлардан келадиган мутахассислар учун 72 ўринли меҳмонхона ҳам ташкил этилган.

Академияда назариядан кўра амалиётга яқинлаштирилган таълимга алоҳида эътибор берилмоқда. 8 та симуляцион хонада 50 дан ортиқ йўналиш бўйича рақамли ва симуляцион таълим йўлга қўйилиб, 100 дан зиёд тиббий амалиёт бўйича халқаро стандартлар асосида тайёргарлик кўриш имкони яратилган.

Яна бир эътиборли жиҳат – академияда “Edge Medical” жарроҳлик роботи ўрнатилган. У симуляцион машғулотлардан ташқари реал клиник шароитда масофавий операцияларни юқори аниқликда бажариш имконини беради.

Академиянинг фаолияти таълим билан чекланмайди. У ерда илм-фан, клиник амалиёт ва рақамли технологиялар ўзаро уйғунлаштирилади. Хусусан, Оролбўйи экотизимининг аҳоли саломатлигига таъсири, респиратор ва онкологик касалликлар, хавфсиз ичимлик суви, нутрисиология, репродуктив саломатлик ва экологик эпидемиология каби ҳудуд учун долзарб йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилган.

Шунингдек, Питтсбург ва Фрайбург университетлари каби хорижий таълим ва тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик, халқаро ўқув курслари, қўшма илмий тадқиқотлар, телемедицина ва рақамли таълим технологияларини ривожлантириш режалаштирилган.

Академиянинг асосий вазифаси – шунчаки замонавий таълим бериш эмас. Оролбўйи учун замонавий билимга эга мутахассис тайёрлаш, уни реал клиник ҳолатга киришидан олдин хавфсиз муҳитда синаш ва илғор тиббий тажрибани ҳудудга олиб кириш.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends