Омскдаги ёнғинда жабрланган икки ўзбекистонликнинг аҳволи оғир экани маълум бўлди
World
−
14:10 1120 1 minute
Россиянинг Омск шаҳрида жорий йилнинг 15 август куни содир бўлган ёнғинда жароҳатланган икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Аслам Акбаров кеча, 16 август куни Омскдаги 1-сонли тез тиббий ёрдам шифохонасига ташриф буюриб, жабрланганларнинг ҳолидан хабар олган.
Шифокорларнинг маълумотига кўра, фуқаро И.З. куйиш жароҳатлари билан реанимация бўлимига ётқизилган бўлиб, унинг аҳволи оғир ва сунъий нафас олдириш аппаратига уланган. Иккинчи фуқаро – О.Э. эса йирингли-септик бўлим реанимациясида даволанмоқда. Унинг аҳволи ҳам оғир деб баҳоланмоқда.
Билдирилишича, россиялик шифокорлар Москвадаги ҳамкасблари билан видеоконференция орқали консилиум ўтказмоқда. Россия томони жароҳатланганларни даволаш жараёнига алоҳида эътибор қаратаётгани айтилган.
Шунингдек, бугун, 17 август куни Ўзбекистон Бош консули шифохона бош шифокори, куйиш ва йирингли-септик бўлимлари раҳбарлари ҳамда тиббиёт хизмати масъуллари билан учрашув ўтказиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси назоратига олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилгани, оқибатда ҳалок бўлган 13 кишининг орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам борлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All