Олимлар янги мушук турини аниқлади (видео)
Interesting
−
10:59 1236 3 minutes
Боливиянинг Юнгас ўрмонларида олимлар бир асрдан ортиқ вақт давомида фанга номаълум бўлиб келган янги мушук турини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот CNN’да эълон қилинди.
Маҳаллий аҳоли Тилкайо деб атайдиган мушук Жанубий Американинг катта қисмида учрайдиган йўлбарс мушуклари гуруҳига мансуб. Тадқиқотчилар генетик таҳлил орқали унинг алоҳида тур эканини тасдиқлаган ва маҳаллий номини сақлаб қолган ҳолда унга “Leopardus tilcayo” илмий номини берган.
Мушук Боливиянинг тоғли Юнгас ҳудудидаги булутли ўрмонларда яшайди. Унинг узунлиги тахминан 46 сантиметр, вазни эса 1,4 килограмм атрофида бўлиб, ўртача уй мушугидан ҳам кичик.
“Унинг жуни оч жигарранг бўлиб, танаси бўйлаб нотекис шаклдаги ҳалқасимон доғлар бор”, деган янги турни аниқлаган тадқиқотга раҳбарлик қилган “National Geographic” тадқиқотчиси Паола Ногалес-Аскаррунс.
Ҳозирча янги турнинг биологияси ва ҳаёт тарзи ҳақида маълумотлар кам. Мушукнинг ахлат намуналаридан майда кемирувчилар қолдиқлари топилган. Бу кемирувчилар унинг озуқасининг бир қисми бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Фотокамералар эса унинг асосан тунда фаол бўлиши мумкинлигини қайд этган.
Тадқиқотчилар Жанубий Американинг бир нечта давлатларидан олинган 38 та мушук, жумладан, музейларда сақланаётган 8 та намуна ДНКсини таҳлил қилган. Натижада илгари ягона тур деб қаралган йўлбарс мушуклари аслида генетик жиҳатдан бир-биридан фарқ қиладиган 5 та турдан иборат экани аниқланган.
“Биз Боливиядаги бу йўлбарс мушуги алоҳида тур бўлишини ҳеч қачон кутмагандик. Уни ҳеч ким илгари бошқа ҳайвон ёки кенжа тур сифатида ҳам алоҳида деб таклиф қилмаган”, деган тадқиқот муаллифларидан бири, Белгиядаги Антверпен университети эволюцион биологи Жонас Лескроарт.
Генетик таҳлил “Leopardus tilcayo” насли бошқа йўлбарс мушукларидан тахминан 1,4 миллион йил аввал ажралиб чиққанини кўрсатган.
Ҳозирча олимлар янги турнинг фақат иккита тирик вакили билан текширув ўтказган. Улардан бири 10 ёшли эркак мушук бўлиб, илгари маҳаллий оиланинг уйида сақланган. Ҳозир у “Senda Verde” ёввойи табиат қўриқхонасида яшамоқда.
Тадқиқотчилар, шунингдек, Перунинг Юнгас ҳудудида йўлбарс мушукларининг янги кенжа турини ҳам аниқлаган. Унга қадимги Инклар империясининг ушбу ҳудудни ўз ичига олган минтақаси номи билан “Leopardus tigrinus antisuyo” номи берилган.
Маълумот учун, Юнгас Жанубий Американинг хавф остида қолаётган экотизимларидан бири ҳисобланади. Ҳудуддаги тоғли ўрмонларга ўрмонларнинг кесилиши, қишлоқ хўжалигининг кенгайиши, ёнғинлар ва кончилик фаолияти босим ўтказмоқда.
Тадқиқотчилар ўз хулосаларини Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқига юборган. Ташкилотнинг навбатдаги баҳолашида йўлбарс мушукларининг 5 та насли алоҳида кўриб чиқилади. Олимларнинг айтишича, бу янги тур, жумладан, Тилкайонинг йўқолиб кетиш хавфини аниқроқ баҳолаш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар динозаврлар даврида яшаган йирик денгиз судралиб юрувчисини кашф этиб, унга “Tylosaurus rex” деб ном берган эди.
Live
AllPrezident nukusliklar bilan samimiy suhbatlashdi
18 September