Олимлар хавотирда: Марказий Осиё музликларини йўқотмоқда
World
−
14:08 1495 1 minute
Марказий Осиёда сув захиралари ва музлик массаси камаймоқда. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти (WMO) тадқиқотчилари маълум қилди.
Тадқиқотчиларлар охирги беш йилдаги кўрсаткичларни ўрганиб, уларни 1991-2020 йиллардаги маълумотлар билан солиштирган. Экспертлар баҳолашига кўра, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Афғонистон сув омборларига сув келиши сезиларли даражада камайган.
Марказий Осиё дарё оқими меъёрдан паст ёки анча паст бўлган дунё минтақалари қаторига кирди. Амударё ва Сирдарё каби асосий дарё тизимларини ўз ичига олган Орол денгизи ҳавзасидаги мураккаб вазият алоҳида қайд этилади.
Олимларда музликларнинг аҳволи алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Марказий Осиёнинг тоғ музликлари тўплаганидан кўра кўпроқ муз йўқотмоқда. Минтақа кузатувлар тарихидаги энг сезиларли йўқотишлар бўйича кучли учликка кирган.
Қайд этилишича, 2023-2025 йилларда дунёдаги музликларнинг умумий йўқотиши тахминан 1 минг 400 гигатонна сувни ташкил этган. Охирги беш йил ичида тоғ музликлари денгиз сатҳидан юқорида жойлашган муз массасининг 6,2 фоизини йўқотган. Шу билан бирга, Марказий Осиё дарё ҳавзалари оқимининг ярмидан кўпи қор ва муз ҳисобидан шаклланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гренландия ва Антарктидада 1979 йилдан буён 12,5 триллион тонна муз эриб кетгани ҳақида хабар берилган эди.