ОИВ балоси: Фижи вирус тарқалишини миллий инқироз деб эълон қилди
World
−
09:18 1159 2 minutes
Фижи ҳукумати мамлакатда ОИВ билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайгани ортидан вазиятни миллий инқироз деб эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 17 сентябрь куни “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, янги ташхислар сони ўтган йили 27 фоизга ошган. Ҳукуматнинг маълум қилишича, 2025 йилда 2016 нафар кишида ОИВ аниқланган ва мамлакатда ҳар 60 нафар катта ёшли кишидан бири вирус билан яшамоқда.
Шунингдек, ўтган йили ОИВ билан туғилган 59 нафар чақалоқнинг 18 нафари биринчи туғилган кунига етмай вафот этган.
Маҳаллий ҳокимият кенгайтирилган тест жараёнлари инфекция ҳолатларини аниқлашга ва даволашни эртароқ бошлашга ёрдам берганини билдирди. Фижи энди бепул, ихтиёрий ва махфий тестлар, профилактика дорилари, шунингдек, гиёҳванд моддаларни инъекция орқали истеъмол қилувчилар учун зарарни камайтириш хизматлари ва даволаш имкониятларини кенгайтирмоқчи.
Тахминан 900 минг аҳолига эга Фижида янги ОИВ инфекциялари дунёдаги энг тез суръатларда кўпаймоқда. БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича дастури — UNAIDS маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда тахминан 9100 киши ОИВ билан яшаган, уларнинг фақат 39 фоизи ўз мақомини билган, 22 фоизи эса антиретровирус терапияси олган.
UNAIDS ижрочи директори Винни Бьянима Фижи вазиятнинг долзарблигини англаб, унга қарши чораларни кучайтираётганини билдирди. У бу ҳолат ОИТС муаммоси ҳали ҳам долзарб эканини дунёга эслатишини таъкидлади.
UNAIDS маълумотларига кўра, юқиш йўли маълум бўлган ҳолатларнинг ярмидан кўпи жинсий йўл орқали юқиш билан боғлиқ. 42 фоиздан ортиқ ҳолат эса гиёҳванд моддаларни инъекция орқали истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган.
Агентлик ҳукуматнинг игна ва шприцлар алмашинуви дастурини жорий этиш ҳамда ОИВ юқиш хавфини камайтирувчи PrEP профилактик дорисига кириш имкониятини кенгайтириш режаларини олқишлади.
Фижи ҳукумати чораларни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш учун беш нафар вазирдан иборат махсус қўмита тузди. Ҳукумат ОИВ билан яшаётган одамларни камситиш қонунга зид эканини ва тегишли хизматлар мамлакат бўйлаб мавжудлигини билдирган.
Маълумот ўрнида, Фижида ҳар 60 нафар катта ёшли кишидан бири ОИВ билан яшаётгани ҳақидаги кўрсаткич Африканинг айрим ҳудудларидаги даражадан паст. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Африканинг айрим қисмларида ҳар 35 нафар катта ёшли кишидан қарийб бири ОИВ билан яшайди.
Live
All“Boysun do'ppisi” patentlandi
16 September
Ronal'd Kumanning ayoli 65 yoshida vafot etdi
16 September