Нурафшонда иккита корхона сохта ҳужжат билан 13,9 млрд сўмни “еб юборди”
Crime
−
10:03 860 1 minute
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида қурилаётган оқова сувни тозалаш иншоотида 13,9 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Зангиота тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда “Сув таъминот ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Тошкент ҳудудий бошқармаси ва Тошкент вилояти “Сувоқова” ДУК ўртасидаги шартномага кўра Нурафшон шаҳрида қурилаётган оқова сув тозалаш иншоотига оид ҳужжатларда сохталаштириш ҳолати аниқланган.
Улар амалда бажарилган 73,3 млрд сўмлик қурилиш ишларини 87,2 млрд сўмга бажарилганлиги ҳақида сохта маълумотлар тузиб, 13,9 млрд сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилганликлари маълум бўлган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чирчиқ шаҳрида тижорат банки филиали бўлими бошлиғи 13 нафар фуқаронинг омонат учун топширган 1,3 млрд сўмини банк кассасига кирим қилмасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани аниқланган эди.
Live
All