Норвегияда викингларнинг сўнгги 100 йилдаги энг йирик хазинаси топилди
World
−
09:16 1325 2 minutes
Норвегиянинг шарқидаги Рена шаҳри яқинида қарийб минг йил аввал ерга кўмилган 5 500 дан ортиқ кумуш танга топилди. Бу сўнгги 100 йил ичида мамлакатда аниқланган энг йирик викинглар хазинаси ҳисобланади. Бу ҳақда “Science Mail“ хабар берди.
Маълум қилинишича, хазинани ҳаваскор хазина изловчилар Руне Сетре ва Вегард Сетре апрель ойида металл қидириш мосламаси ёрдамида аниқлаган. Улар дастлаб 19 та танга топиб, бу ҳақда дарҳол тегишли идораларга хабар берган. Кейинчалик археологлар қазиш ишларини бошлаган ва яна минглаб тангаларни топган. Ҳосил йиғиб олингач, қидирув ишлари давом эттирилган ва топилган тангалар сони 5 мингдан ошган.
Топилмалар орасида Норвегия қироли Олаф Харальдссоннинг, яъни Муқаддас Олаф номи билан танилган ҳукмдорнинг ноёб тангаси ҳам бор. Ҳозиргача бундай тангалардан тахминан 20 таси маълум бўлиб, уларнинг аксарияти Норвегиядан ташқарида топилган. Тaнганинг бир томонида қирол тасвирланган бўлса, иккинчи томонида христианча ёзув туширилган хоч акс этган.
Тадқиқотчилар хазина тахминан 1046–1047-йилларда, Шафқатсиз Харальд номи билан танилган қирол ҳукмронлигининг бошида яширилган деб ҳисоблайди. Тангалар орасида Англия, Германия ва бошқа Европа давлатларида зарб қилинган пуллар ҳам мавжуд. Улар ўша даврда минтақанинг Европанинг катта қисми билан савдо алоқалари бўлганини кўрсатади.
Олимлар тангаларни ўрганиш орқали викинглар давридаги иқтисодиёт ва савдо-сотиқ ҳақида кўпроқ маълумот олишни умид қилмоқда. Хазинанинг дастлабки намуналари жорий йилнинг 20 ноябридан Осло тарих музейида намойиш этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрнинг Нил дельтаси ҳудудидаги қишлоқда қарийб 3 минг йил давомида ер остида қолиб кетган иккита улкан фиръавн ҳайкалининг қолдиқлари топилган эди.
Live
All27 October