Ногиронлиги бор шахсларга имтиҳонларда қўшимча вақт берилади

Local

image

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун таълим ва имтиҳон топшириш жараёнларида янги имкониятлар яратилади. 2027/2028-ўқув йилидан бошлаб улар кириш ва сертификат имтиҳонларида қўшимча вақт, Брайль алифбоси, сурдотаржимон ва ассистент хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ҳақда бугун, 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз боради.

Тақдимотда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Маълум қилинишича, ҳозирда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган 168 мингдан ортиқ бола бор. Уларнинг 133,8 минг нафари таълим ва ижтимоий хизматларга жалб қилинган бўлса, яна 34,6 минг нафар болани таълим тизимига қамраб олиш зарур.

Янги тизим доирасида ҳар бир бола билан “оилабой” ишлаш йўлга қўйилади. Уларнинг эҳтиёжлари эрта босқичда баҳоланиб, имкониятига мос таълим муҳити ва зарур хизматлар белгиланади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг уйига яқин жойда таълим олиши учун коррекцион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади. Ҳар йили камида 50 та мактабнинг инклюзив муҳит яратишга қаратилган лойиҳалари грант асосида молиялаштирилади.

2027 йилдан бошлаб болалар матнни ўқиш қурилмалари, овоз синтезаторлари, Брайль дисплейлари ва бошқа ассистив воситалар билан ваучер асосида таъминланади.

Бундан ташқари, 2026/2027-ўқув йилидан махсус мактабларда таълим боланинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиқадиган индивидуал режалар асосида ташкил этилади. Кўзи ожиз педагоглар ҳамда махсус мактабларнинг бошланғич синфларига ассистент ва ёрдамчи ходимлар бириктирилади.

Шу билан бирга, имтиёзли транспорт хизматларидан фойдаланиш тартиби ҳам ўзгаради. Қоғоз талонлар бекор қилиниб, фуқаролар ID-карта ёки биометрик паспорт орқали имтиёздан фойдаланиши мумкин бўлади.

2027 йилдан эса имтиёзли авиа, темир йўл ва шаҳарлараро автобус чипталарини “Барака” ижтимоий карта мобил иловаси орқали онлайн харид қилиш имконияти яратилади.

Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, янги хизматларни жойларда сифатли йўлга қўйиш ва ижросини назорат қилиш бўйича топшириқлар берган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends