Нетаньяху ҳокимиятни йўқотиши мумкин: Исроилда янги бош вазирни танлаш бошланди
World
−
18:02 1750 3 minutes
Исроил Президенти Ицхак Герцог янги ҳукуматни шакллантириш ваколатини мухолифатдаги “Яшад” партияси етакчиси Гади Айзенкотга топширади. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Маълум қилинишича, Герцог бугун, 8 ноябрь куни Қуддусдаги президент қароргоҳида Айзенкотга ҳукуматни шакллантириш мандатини расман топширади. Шундан сўнг сиёсатчига ҳукумат коалициясини тузиш учун 28 кун вақт берилади. Зарурият туғилса, бу муддат яна 14 кунга узайтирилиши мумкин.
Мазкур мандат Айзенкотнинг автоматик равишда бош вазирга айланишини англатмайди. Агар у белгиланган муддатда коалиция туза олмаса, ваколат бошқа сиёсатчига, жумладан, амалдаги бош вазир Биньямин Нетаньяхуга берилиши мумкин. У ҳам муваффақиятсизликка учраса, мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилиши эҳтимоли бор.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни Исроилда ўтказилган парламент сайловларида ҳеч бир сиёсий куч Кнессетдаги 61 ўринни қўлга кирита олмаган. Нетаньяху бошчилигидаги ҳукмрон ўнг коалиция 53 та, Айзенкот бошчилигидаги тўртта партиядан иборат иттифоқ эса 48 та мандат олган.
Шу сабабли янги ҳукуматни шакллантиришда араб партияларининг позицияси ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Сайловларда араб аҳолисини ифодаловчи икки партия жами 19 та ўринни қўлга киритган. Айзенкот аввалроқ улар билан коалиция тузишдан бош тортиб келган.
Қайд этилишича, Исроил президенти бу қарорга келишдан олдин сиёсатчилар ва турли партиялар раҳбарлари билан маслаҳатлашган. Натижада Айзенкот номзоди 67 нафар сиёсатчи томонидан, Нетаньяху эса 46 нафар сиёсатчи томонидан қўллаб-қувватланган.
Нетаньяху эса аввалроқ мамлакатда миллий бирлик ҳукуматини тузишга чақирган. У араб аҳолисини ифодаловчи партияларнинг мамлакат бошқарувида иштирок этишига қарши чиққан.
Айзенкот ким?
Гади Айзенкот 2022 йилда сиёсатга кириб келган. У аввал Исроил мудофаа армияси (САХАЛ) Бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаган. ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин бир муддат Нетаньяху тузган ҳарбий кабинет таркибига кирган, кейинчалик эса мухолифатга қайтган.
Айзенкот амалдаги бош вазирни мамлакатни бошқариш услуби ва Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлар учун кескин танқид қилиб келади. Шунингдек, у Исроил кўчманчиларининг Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга нисбатан зўравонлигини ҳам қоралаган.
Сиёсатчининг ҳаётидаги оғир йўқотишлар ҳам унинг жамоатчилик орасидаги обрўсига таъсир кўрсатган. 2023 йилнинг декабрь ойида Ғазо секторидаги жангларда унинг 25 ёшли ўғли ҳалок бўлган. Кейинчалик икки жияни ҳам урушда вафот этган.
Айзенкот сайловолди кампаниясида 2023 йилнинг 7 октябрдаги хавфсизлик тизимидаги камчиликларни текшириш учун мустақил давлат комиссиясини тузишни ваъда қилган.
Маълумот учун, Гади Айзенкот Исроилнинг 2006 йилда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши урушида қўлланган “Даҳия” ҳарбий стратегияси муаллифи сифатида ҳам танилган. Ушбу доктрина рақибга нисбатан кенг кўламли ва номутаносиб куч ишлатиш, жумладан, ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудлардаги фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Марказий сайлов комиссияси Кнессетга сайловлардаги овозларни ҳисоблашни якунлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All