“Найранг”. Финляндия Путиннинг НАТОдан чиқиш талабини рад этди

World

−

image

Россия НАТО аъзоларидан ўз манфаати йўлида фаолиятини чеклашни истамоқда, бироқ “бундай нарсалар муҳокама қилинмайди. Бу ҳақда бугун, 13 ноябрь куни Финляндия Мудофаа вазири Антти Хяккянен журналистларга берган интервьюсида гапирди.

У ушбу баёнотни Москва вакиллари Абу-Дабида Украина бўйича ўтказилган музокараларда “Европа хавфсизлигининг янги тартиби”га оид бандларни норасмий равишда илгари сургани ҳақидаги хабарлардан сўнг берди. 

“Улар Финляндиянинг НАТОдан чиқишини ва альянснинг Латвия, Литва ҳамда Эстониядаги ҳарбий базалардан воз кечишини талаб қилган”, деб ёзган эди Германиянинг “Bild” нашри.

Хяккяненнинг фикрича, ҳатто бундай таклифларни илгари суриш ҳам мутлақо ғазабни қўзғайдиган ҳолат ва Россия буни билади. Москва шу тариқа АҚШ ва Европа унинг босими остида ён бериш-бермаслигини текшириб кўришга уринмоқда.

“Биз Россия тинчлик музокараларини жиддий олиб боришга мойил эмаслигини, аксинча, Европа хавфсизлиги архитектурасини ўз фойдасига ўзгартириш мақсадида Украинадаги уруш давомида илгари сурган талабларини кенгайтираётганини аниқ кўриб турибмиз”, дейди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, бундай ёндашув Россия ўн йиллар давомида қўллаб келаётган психологик стратегиянинг бир қисми. Мамлакат Ғарб давлатларини ноқулай аҳволга солиш учун музокаралардаги эътиборни бошқа томонга буради. 

“Биз уларнинг найрангига учмаслигимиз керак”, дейди Хяккянен.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абу-Дабида жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Украинадаги урушни тугатиш бўйича ўтказилган кўп томонлама музокараларда Россия делегацияси норасмий равишда нафақат Киевга тааллуқли бўлган “Европа хавфсизлигининг янги тартиби” бандларини илгари сургани, балки Кремль вакиллари Финляндиянинг НАТОдан чиқишини талаб қилгани, шунингдек, альянснинг Латвия, Литва ва Эстониядаги ҳарбий базалардан воз кечиши тарафдори эканини билдиргани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends