Навоий ва Чирчиқ аҳолиси даромадларини декларациялайди
Local
−
16:36 1884 2 minutes
Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида йиллик даромадларни декларациялаш тажриба тариқасида жорий этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг кеча, 19 октябрь куни қабул қилинган 574-сонли қарорида келтирилган.
Қарор билан солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш бўйича вақтинчалик маъмурий регламент тасдиқланди.
Унга кўра, 2026–2027 йилларда олинган даромадлар бўйича декларация Солиқ қўмитасининг Электрон солиқ хизматлари портали ва “Soliq” мобил иловаси орқали доимий яшаш жойидаги солиқ органига тақдим этилади.
Регламент Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ички ишлар органлари томонидан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилади. Ўн саккиз ёшга тўлмаганлар бундан мустасно.
Шунингдек, регламент ҳисобот йилида солиқ органига ишга қабул қилинган ҳамда ҳисобга қўйилганига 6 ой тўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Декларация ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этилиши лозим. Солиқ органи бу ҳақда белгиланган муддатдан камида бир ой олдин хабарнома юборади.
Декларацияда қуйидаги даромад ва харажатлар кўрсатилади:
- меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги, мулкий, моддий наф тарзидаги ва бошқа даромадлар (Солиқ кодексининг 371, 375, 376 ва 377-моддалари);
- кўчмас мулк, кўчар мулк ва мажбуриятлар, жумладан, солиқлар, коммунал хизматлар ҳамда кредитлар бўйича харажатлар.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ харажатлари бундан мустасно.
Харажатлар вазирлик ва идоралар маълумотлари, шунингдек, “Soliq” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар ва электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида шакллантирилади.
Маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда, мобил илова орқали қўшимча маълумотларни киритиш имконияти берилади.
Декларацияда хато аниқланса, нима бўлади?
Декларация нотўғри тўлдирилган бўлса, аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этилиши мумкин. Унда ҳам нотўғри маълумотлар кўрсатилган тақдирда, жисмоний шахснинг мурожаатига кўра декларация рад этилади ва уни уч йил ичида такроран тақдим этиш имконияти берилади. Бошқа асослар бўйича декларацияни рад этиш тақиқланади.
Бундан ташқари, аниқлаштирилган солиқ базасига, яъни даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарққа қўшимча солиқ ҳисобланмайди. Бироқ Солиқ кодексининг 393-моддасида белгиланган даромад бундан мустасно. Бундай ҳолатда ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам қўлланилмайди.
Маржона Маманиёзова
Live
All