Наманганда уйини нарколабораторияга айлантирган шахс ушланди
Crime
−
18:51 462 2 minutes
Наманган вилоятининг Давлатобод туманида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаб, Telegram орқали сотган шахс ушланди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 сентябрь куни вилоят ИИБ ва Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тезкор тадбир давомида Давлатобод тумани Юксалиш маҳалласида шартли харидорга 2 млн сўм эвазига 5 грамм оғирликдаги кристалл кўринишидаги синтетик гиёҳвандлик воситасини сотаётган шахс қўлга олинган.
Шундан сўнг, унинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада у ерда ноқонуний нарколаборатория ташкил этилгани аниқланган. Хонадондан жами 300 грамм, яъни тахминан 30 минг дозага тенг синтетик гиёҳвандлик воситаси, 11 дона гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш мосламаси, электрон тарозилар, 500 дона зип-пакет, гиёҳвандлик воситаларини Telegram орқали сотишда фойдаланилган телефон ҳамда савдодан тушган 5 минг доллар пул маблағи ва бошқа ашёлар ашёвий далил сифатида олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди ва 276-1-моддаси (Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида 1 килограмм “опий” гиёҳвандлик воситасини 20 минг долларга сотаётган икки шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All