Наманганда газ улаб беришни ваъда қилиб, фуқаролардан пул ундирганлар ушланди

Crime

image

Наманганда икки шахс фуқароларга хонадонларига табиий газ тармоғини тортиб бериш ва рухсатнома олиб беришни ваъда қилиб, 2 100 АҚШ доллари талаб қилгани аниқланди. Бу ҳақда бугун, 25 август куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, Департаментнинг Поп тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида “Поп тумангаз” оператори Н. Р. ва муқаддам судланган фуқаро П. З. икки фуқарога юқори лавозимларда ишлайдиган танишлари орқали уларнинг хонадонларига табиий газ тармоғини тортиб бериш ҳамда рухсатнома олиб беришни ваъда қилгани аниқланган.

Бунинг эвазига улар 2 100 АҚШ доллари талаб қилган ҳамда ундан 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Қолган 1 900 АҚШ долларини олаётган вақтида эса ашёвий далиллар билан қўлга тушгани маълум қилинган.

Шунингдек, текширув давомида Н. Р. томонидан олинган 200 АҚШ доллари қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида ўтказилган назорат тадбирлари давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ икки ҳолат аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends