Наманган ва Андижонда “таблетка” савдогарлари ушланди

Crime

image

Наманган ва Андижон вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиш билан шуғулланган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, департаментнинг Поп тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Ё. 938 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро О.Н. га 7 700 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган. Ундан яна 1 848 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Терговга қадар текширувда М.Ё. мазкур дори воситаларини муқаддам судланган таниши М.С. билан Фарғона шаҳридан сотиб олгани аниқланган. М.Ё. нинг вазифаси дориларни локациялар бўйича жойлаштириш ва уларнинг сақланишини таъминлаш, М.С. нинг вазифаси эса мижоз топиб, дориларни сотишдан иборат бўлган.

Шунингдек, департаментнинг Балиқчи тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.О. нинг “Наврўз” МФЙ ҳудудидаги хонадони кўздан кечирилган. Ундан сотиш мақсадида сақланган 308 дона “Регапен” дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-6-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида тез тиббий ёрдам станцияси бригада фельдшери психотроп дориларни сотаётганда қўлга тушгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends