Нафсига қул бўлганлар. Ғазодаги урушнинг бегуноҳ қурбонлари — Qalampir.uz дайжести

Review

−

Reklama
0:00

Кун давомида Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида содир бўлган муҳим ҳодисалар тафсилоти билан Qalampir.uz дайжести.

Сўнгги 24 соат ичида республиканинг турли ҳудудларида тўрт мансабдор пора билан қўлга тушди.

Фарғонада ҳоким ёрдамчиси iPhone телефонини пора сифатида олаётганда ушланди

Фарғонадан бошлаймиз. Вилоятнинг Бешариқ тумани “Қўрғонча” МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчиси фуқарога 150 млн сўм кредит олиб бериш эвазига iPhone 17 Pro Max телефонини олган вақтида қўлга олинган.

Пахтаобод ҳокими ўринбосари 30 минг доллар пора билан ушланди

Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳоким ўринбосари ва Давлат кадастрлари палатасининг туман филиали мансабдори 30 минг доллар пора билан ушланган. Қайд этилишича, мансабдор шахслар ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кирган.

Улар туман ҳокимлиги захирасида бўлган 50 сотих ер майдонини онлайн аукцион савдолари орқали арзон нархда мазкур фуқаро номига ютиб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Шериклар сўралган пул маблағи ҳисобидан 30 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали олган вақтларида ушланган.

Қибрайда мансабдор 5 минг доллар пора билан ушланди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида эса сув етказиб бериш хизмати муассасаси раҳбари 5 минг АҚШ доллари пора олаётган вақтида қўлга тушган. У фуқаронинг уйини ноқонуний қурилган деб топиш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 16 минг доллар талаб қилган.

Аниқланишича, туманда яшовчи фуқаронинг уйи рухсатнома асосида қурилган бўлса-да, муассаса раҳбари хонадон сув оқадиган каналга яқин жойлашганини важ қилиб, уни ноқонуний қурилган деб эътироз билдирган.

Ушбу масалани республикада ишловчи мансабдор шахслар орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилган раҳбар товламачилик йўли билан фуқародан 16 минг доллар талаб қилган. У олдиндан 5 минг долларни хизмат хонасида олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Учала ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тожикистонда 2 мингдан ортиқ давлат ҳужжати СИ ёрдамида ўғирланди

Қозоғистон билан алоқадор хакерлар гуруҳи сунъий интеллектдан фойдаланиб, Тожикистоннинг миллий хавфсизликка оид 2 мингдан ортиқ давлат ҳужжатини ўғирлади.

Маълум қилинишича, Сингапурда жойлашган CloudSek компанияси хакерлар фаолиятини кузатиш давомида уларнинг Hermes деб номланган очиқ кодли, автоном сунъий интеллект агентлари тизимидан фойдаланганини аниқлаган. Хакерлар серверни интернетда очиқ қолдириб кетгани сабабли компания уларнинг фаолиятини фош этган.

Маълумотларга кўра, хакерлар тахминан жорий йилининг август ойи ўрталарида Hermes ёрдамида разведка ишларини олиб борган. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, улар Тожикистоннинг электрон ҳужжатлар тизимига киришга муваффақ бўлган.

Шундан сўнг сунъий интеллект агенти ҳужжатларни юклаб олиш, тартибга солиш ва уларни ўғирлашни осонлаштириш учун кичик ҳажмдаги қисмларга ажратишга мўлжалланган махсус дастур ёзган.

Компания аниқлаган маълумотлар орасида хакерларнинг сунъий интеллект агентига берган кўрсатмалари ҳам бўлган. Унда Hermes ўзини киберҳужумларни амалга оширишга ихтисослашган мутахассис сифатида тутиши, ҳужумларни режалаштириши, бажариши ва натижалар бўйича ҳисобот тайёрлаши кераклиги кўрсатилган.

CloudSek хакерлар гуруҳини “Silent Lynx” деб атаган. Бошқа тадқиқотчилар ҳам ушбу гуруҳни Қозоғистон билан боғлаган. Хакерлар рус тилида мулоқот қилган, Қозоғистондаги иш вақтига мос равишда фаолият юритган ва серверга кўпинча Қозоғистондаги уй интернети орқали кирган.

Исроилнинг Ғазодаги шифохонага ҳужуми оқибатида 6 киши ҳалок бўлди

Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори жанубидаги Носир шифохонасига зарба берди. Оқибатда 6 киши ҳалок бўлган, камида 12 киши жароҳатланган.

Ҳужум Хон-Юнус шаҳрида жойлашган шифохонага уюштирилган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, зарба тиббиёт муассасасининг жарроҳлик бўлимига берилган. Ҳалок бўлганлар орасида бир нафар шифокор ҳам бор. Зарба оқибатида бинонинг иккинчи қаватининг бир қисми вайрон бўлган.

Исроил армияси ҳужумни тасдиқлаган. Ҳарбийлар зарба “ҲАМАСнинг юқори мартабали аъзоси” ва бошқа жангчиларга қаратилганини билдирган, бироқ бу даъвони тасдиқловчи далилларни тақдим этмаган.

Хон-Юнусдаги Носир шифохонаси уруш оқибатида Ғазода фаолиятини давом эттираётган саноқли тиббиёт муассасаларидан бири ҳисобланади. Исроил ҲАМАС ва унинг иттифоқчиларини ҳарбий фаолият учун шифохоналардан фойдаланишда айблаб келади.

Ректорлар бирин-кетин ишдан олиняпти

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов ўтказган йиғилишда Ўзбекистондаги 5 та ОТМ, жумладан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллари институти ректорлари лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ Эркинжон Турдимов ректорларнинг лавозимидан озод этилгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, “Мен ҳали бешта ректор эмас, биттасини ҳам ишдан олмадим. Йиғилишда бешта эмас, тўртта ректорни қаттиқ огоҳлантирдим” деган эди. Аммо шу кунларда Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов “ўз хоҳишига кўра”, лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Шу билан бирга дастлабки рўйхатда номи қайд этилган Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Баҳодир Ҳолиқов ҳам лавозимидан озод этилгани расман тасдиқланди.

Россияда қийин аҳволда қолган она ва болалари Ўзбекистонга қайтарилди

Россиянинг Новосибирск шаҳрида миграция қонунчилигини бузгани учун вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган ўзбекистонлик аёл озод қилинди. Унинг 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган фарзандлари ҳам онаси билан бирга Ўзбекистонга қайтарилди.

Маълум қилинишича, аёлнинг вояга етмаган фарзандлари онаси вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилганидан сўнг Новосибирскдаги уйига олиб кетилган. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси дипломатлари бир кун ичида вақтинча сақлаш маркази ҳамда Гўдаклар уйи раҳбарияти билан музокаралар ўтказган. Натижада аёлнинг озод қилинишига эришилиб, унинг Ўзбекистонга қайтиши учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Жасмина Муртазоева


Author

avatar

.

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends