Музлик қулаши ортидан келган офат 162 кишининг умрига зомин бўлди (видео)

World

image

Непал ва Хитой чегарасидаги ҳудудларда музлик қулаши оқибатида юзага келган кучли сув тошқинлари оқибатида камида 162 киши ҳалок бўлди. Непал ва Тибетда қарийб 1 000 киши бедарак йўқолгани маълум қилинди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, Тибетда музлик қулаши ортидан юзага келган кўчкилар сабабли 3 киши ҳалок бўлган ва 558 киши бедарак йўқолган. Хитой давлат телевидениесининг маълумотларига кўра, бедарак йўқолганларнинг 260 нафари хорижлик, 2 нафар маҳаллий аҳоли вакили эса қутқарилган.

Непал полицияси мамлакат ҳудудида камида 162 киши ҳалок бўлганини билдирган. Кучли сув оқими йўллар ва биноларни вайрон қилган, транспорт воситалари лой остида қолган. Айрим ҳудудларда транспорт қатнови тўхтатилган.

Непал расмийлари аввалроқ 403 киши, жумладан 341 нафар хорижлик бедарак йўқолгани ҳақида маълум қилган эди. Улар орасида Ҳиндистон, АҚШ, Австралия, Буюк Британия ва Канада фуқаролари бор. Австралия Ташқи ишлар вазири Пенни Вонг Непалда камида 34 нафар австралиялик билан алоқа узилганини айтган.

“Биз бу австралияликлар алоҳида зиёрат ва саёҳат гуруҳлари таркибида бўлганини тушуняпмиз”, деган Вонг.

Маҳаллий аҳоли вакили Шоям Рачбҳандари эса тошқин жуда тез келганини таъкидлаган.

“Ярим соат ичида тошқин келди ва бутун бозорни вайрон қилди. Қанча одам бедарак йўқолгани ёки ҳалок бўлганини билмаймиз”, деган у.

АҚШ Геологик хизмати дастлаб ҳудудда 4,4 магнитудали зилзила қайд этилганини билдирган. Кейинчалик бу зилзила эмас, балки 5,2 магнитудага тенг музлик қулаши натижасида юзага келган сейсмик ҳодиса экани аниқланган.

Мутахассисларнинг айтишича, музликдан тушган муз ва тошлар дарёни тўсиб қўйган, шундан сўнг сув катта куч билан пастга оқиб, аҳоли пунктларига зарар етказган. Тришули дарёсида сув сатҳи ярим соат ичида 9 метрга кўтарилган.

Иқлим тадқиқотчиси Сасвата Санялнинг қайд этишича, Лхенде Кхола дарёси сўнгги 14 ой ичида иккинчи марта тошган.

“Лхенде Кхола 14 ой ичида икки марта тошди. Бу сафар бунга Непал томонидаги музликдан тушган муз ва тошлар сабаб бўлди. Улар дарёни тўсиб қўйди ва кейинчалик сувнинг қуйи оқим томон кескин отилиб кетишига олиб келди”, деган у.

Мутахассислар “исиб бораётган Ҳимолай” шароитида бундай табиий офатлар хавфи ортиб бораётганини таъкидламоқда. Тадқиқотчилар Ҳиндукуш-Ҳимолай минтақасида музликларнинг эриш тезлиги ошганини, 2000 йилдан бери муз йўқотилиши даражаси икки баробарга кўпайганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Нарра” тўфони туфайли Хитойнинг жанубий ҳудудлари ва Вьетнам шимолида кучли ёмғир ёғиб, сув тошқинлари ва кўчкилар юзага келган эди. Хитойда 54 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб, Вьетнамда бир киши ҳалок бўлган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends