Мурожаатлар билан ишлашдаги камчиликлари сабаб 151 нафар мансабдор ишдан олинди
Local
−
10:47 2937 1 minute
Ўзбекистонда мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйган камчиликлари юзасидан давлат органлари ва ташкилотларда мансаб лавозимларида фаолият юритган 151 нафар шахс ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг январь-август ойларида Президент Халқ қабулхоналари томонидан мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйган камчиликлари юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига таъсир чоралари кўриш бўйича жами 5486 та ҳужжат киритилган.
Кўрилган чоралар натижасида 151 нафар шахс лавозимидан озод этилган бўлса, 833 нафар ходимга ҳайфсан жазоси қўлланилган. Шунингдек, 150 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган ва 1335 нафари расман огоҳлантирилган.

Шунингдек, билдирилишича, мурожаатлардаги камчиликлардан келиб чиқиб, чора кўришдан ташқари, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш бўйича энг кўп мурожаат тушаётган 10 га яқин ташкилотларда амалий ўқув семинарлари ҳам ташкил этилган.
Ахборотномада Президент Халқ қабулхонаси аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ижро интизомини доимий назорат қилишда давом этиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 сентябрь куни Ўзбекистон етакчиси бошчилигида ўтказилган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда Ўзбекистонда қарийб 9 минг ҳоким ёрдамчиси лавозимига қайта тайинловлар бўлиши кутилаётгани айтилганди.
Live
All