Мўғулистонда 2 минг йиллик улкан қабр очилди
World
−
13:47 394 2 minutes
Мўғулистонда Хуннлар империяси даврига оид, қарийб 2 минг йиллик улкан қабр топилди. Ундан Рим империясида ясалган бўлиши мумкин бўлган шиша коса, антиқа буюмлар ва 400 дан ортиқ қабр ашёлари топилди. Бу ҳақда “Live Science” хабар берди.
Қабр мамлакат шимолидаги Дуурлиг Нарс археологик мажмуасида тўрт йил давомида олиб борилган қазишма ишлари натижасида аниқланган. Мазкур ҳудуд Хуннлар империясининг энг йирик зодагонлар қабристони ҳисобланади. Унда қарийб 300 та қадимий дафн тепалиги мавжуд.
Археологларнинг маълум қилишича, янги топилган мақбара Мўғулистонда ҳозиргача аниқланган энг йирик Хуннлар қабри ҳисобланади. Унинг узун йўлаги билан бирга умумий узунлиги 73 метрни ташкил этади. Қабр 14,5 метр чуқурликкача тушадиган, бир-бирининг ичига жойлашган тўққиз қават тош қатламидан иборат бўлиб, тескари пирамида шаклини эслатади.
Қабрнинг марказий қисмида ёғочдан ясалган дафн хонаси ва тобут топилган. У ердан отларни безаш учун ишлатилган, кварц тошлари билан безатилган кумуш буюмлар, ёғоч арава ғилдираги ҳамда бошқа ашёлар ҳам чиқариб олинган. Бу топилмалар қабрга дафн этилган шахс юқори ижтимоий мақомга эга бўлганини кўрсатади.

Шунингдек, тобут тубидан нефритдан ясалган, бир-бирининг устига жойлаштирилган 15 та безак буюми топилган. Улар қадимги Хитойдаги Хан сулоласи давридаги дафн маросимларида ишлатилган нефрит дискларига ўхшайди. Бироқ топилган буюмлар шакли ва нақшлари билан анъанавий намуналардан фарқ қилади. Бу эса Хуннлар Хан сулоласига хос дафн урф-одатларини ўз маданиятига мослаштирган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Қабрдан дастали шиша косанинг синган бўлаклари ҳам топилган. Олимлар уни Рим империясида ишлаб чиқарилган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Буюмнинг келиб чиқишини аниқлаш учун қўшимча таҳлиллар ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Хуннлар милоддан аввалги 209 йилда Мўғулистон даштларида шаклланган кўчманчи қабилалар иттифоқи бўлиб, уларнинг савдо алоқалари Ғарбдаги Рим империясидан Шарқдаги Хитой ва Корея яриморолигача чўзилган. Айрим хунн гуруҳлари империя парчаланганидан кейин ғарбга кўчиб, кейинчалик тарихда гуннлар номи билан танилган халққа қўшилган.

Ҳозирча мақбарада ким дафн этилгани аниқланмаган. Археологлар шахснинг жинсини ва унинг мажмуада дафн этилган бошқа кишилар билан қариндошлик алоқаларини аниқлаш учун тобутдан олинган тиш ва соч намуналарини ДНК таҳлилидан ўтказишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лондондаги Вестминстер аббатлигидан топилган, қарийб 150 йилдан бери сир бўлиб келаётган скелет кимга тегишли бўлиши мумкинлиги аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All