“Муаммолар жуда кўп”. “Ўзбекфильм” қарзга ботгани маълум бўлди
Art & Culture
−
13:34 2185 3 minutes
“Ўзбекфильм”нинг 22,9 миллион евро миқдорида кредит мажбурияти ва 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқдан қарзи борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари – Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди.
“Муаммолар кўп. Жуда кўп. Лекин бугун уларнинг ҳаммасини бирма-бир санаб ўтиришни лозим топмадим. Чунки ҳозир ҳал қилиниши керак бўлган энг муҳим масала – “Ўзбекфильм”ни асраш ва уни гаровдан халос қилиш. Бугун “Ўзбекфильм”нинг 22,9 миллион евро миқдорида кредит мажбурияти борлигини билармидингиз? Студиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам ушбу кредит учун гаровга қўйилган. Бу ҳали ҳаммаси эмас”, дейди Жаҳонгир Аҳмедов.
Унинг билдиришича, солиқлардан қарийб 1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик тўплангани сабабли киностудия балансидаги 12 та автомашина 12 кун ичида аукционга қўйилиши хавфи бор. Ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар шаклланган. Киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб туролмайди. Яъни у амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолган. Бизнес модели йўқ. Бозор механизмига тўлиқ ўтилмаган.
“Бу – оддий рақамлар эмас. Бу рақамлар ортида асрлик ўзбек киноси тарихи, унинг обрўси ва тақдири турибди. “Ўзбекфильм”да не-не буюк режиссёрлар, актёрлар, операторлар, рассомлар ва кино мутахассислари ўз йўлини бошлаган. Халқимиз бугун ҳам севиб томоша қиладиган кўплаб фильмлар шу ерда яратилган. Шунинг учун бугунги вазифа – студияни шунчаки сақлаб қолиш эмас. Уни тубдан ислоҳ қилиш керак”, дейди Кинематография агентлиги директори.
Унинг билдиришича. молиявий жиҳатдан барқарор, замонавий бошқарувга эга, кучли ижодий жамоаларни бирлаштирадиган, хусусий инвестиция ва халқаро ҳамкорликни жалб қиладиган, ўз маҳсулоти билан бозорга чиқадиган ҳақиқий миллий кино компанияси барпо этиш керак.
“Ҳурматли Президентимиз “Ўзбекфильм”га “Миллий” мақомини бердилар. Менимча, бу шунчаки мақом эмас. Бу — юксак ишонч. Бу — улкан масъулият. Шу ишончни оқлашимиз керак. “Ўзбекфильм” – оддий киностудия эмас. У – ўзбек киноси тарихи. Ва энди у ўзбек киноси келажагининг ҳам таянчи бўлиши керак”, дейди Аҳмедов.
Маълумот учун, “Ўзбекфильм” – энг биринчи ташкил қилинган ва энг катта бадиий фильмлар ишлаб чиқарувчи ўзбек киностудияси. Студияга 1925 йил асос солинган. Унинг илк номи “Шарқ юлдузи” бўлган. 1936 йил “Ўзбекфильм” деб номланган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида студия “Тошкент Кино Студияси” деб ҳам номланган. 1958 йил номи яна қайтадан “Ўзбекфильм” деб ўзгартирилган. Кино студия шу кунгача 400 дан ортиқ тўла метражли ва 100 дан ошиқ мультипликация қилинган фильм чиқарган. “Ўзбекфильм” киностудияси ишлаб чиқарган машҳур фильмлар қаторига “Мафтунингман” (1958) ва “Маҳаллада дув-дув гап” (1960) фильмларини киритиш мумкин.
Live
All