Россия яна 3 та давлатга ҳужум қилмоқчи ёхуд АҚШ сирли сигнал берди

Review

Reklama
0:00

Вашингтон картинани қандай кўришимизни хоҳлайди?

Баъзан “махфий ташрифлар” шу қадар кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўладики, ҳатто ўзимиз билган махфий сўзининг маъносига шубҳа қилиб қолади киши. Ахир давлат даражасидаги шу қадар сирли воқеани қандай қилиб ҳамма бемалол гапириши, ОАВларда муҳокама қилиши мумкин? Ҳаммаси яширинча қилинган бўлса, қандай қилиб бундан ҳамма хабардор?

АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси директори Жон Рэтклиффнинг Москвага “махфий ташриф” статуси остида қилинган сафари ҳам худди шундай, тинмай муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Нимамиш, дунёдаги энг кучли разведка ташкилоти раҳбари махфий тарзда Москвага бориб, Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари билан учрашиб, унга “НАТОга аъзо давлатларга ҳужум қилманг, акс ҳолда ёмон бўлади”, деб келарканда, аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бу ҳақида ҳамма хабар топаркан. Нима? АҚШ ва Россиядек икки гигант давлат битта учрашувни махфий ташкил эта олмай қолдими? Ёки бундай маълумотларнинг сизиб чиқишини ўзлари хоҳлашдими? Хўш, бу орқали қандай сигнал беришмоқда? МРБ раҳбари Москвага нима мақсадда борди? Бизни яқин келажакда нималар кутмоқда?

Бизга нималар дейишди?

Жон Ли Рэтклифф – АҚШ Марказий разведка бўлими бошлиғи. У одатий дипломат эмас, ҳарбий ҳам эмас, қайсидир давлатга бориб у билан музокаралар олиб бориш унинг вазифасига кирмайди. Жаноб Рэтклифф дунёдаги барча сирли операциялар, разведка маълумотлари ва контрразведка бўйича маълумот йиғувчи ҳамда таҳлил қилувчи ташкилотнинг раҳбари. Яъни у яқин келажакда нима бўлишини билади.

Бизга очиқланган маълумотларга кўра, 25 август куни Рэтклифф Москвага етиб борган ва қатор Россия раҳбарлари билан учрашган. Айтилишича, АҚШ ҳарбийларига тегишли C-17 русумли йирик транспорт самолёти 25 август куни Латвия орқали Москвага учган. Самолёт Москвадаги Внуково аэропортига тахминан соат 07:04 GMT (Greenwich Mean Time – Гринвич ўртача вақти)да қўнган ва соат 17:00 GMT атрофида Ригага қайтиб келган.

Ижтимоий тармоқларда Москва кўчаларида дипломатик кортеж ҳаракатлангани акс этган видеолар ҳам тарқалган. АҚШ томони Украинани Москвага юқори мартабали делегация бориши ҳақида хабардор қилган ва делегация Россиядан чиқиб кетгунча Киевдан зарбаларни тўхтатиб туришни сўраган, деб хабар берган CBS’га украиналик юқори лавозимли амалдор.

Самолёт парвози ҳақидаги хабарлар ва Россиядаги дипломатик кортеж видеолари ОАВларда тарқала бошлагач, 2019–2022 йилларда Буюк Британиянинг Россиядаги собиқ ҳарбий атташеси бўлиб ишлаган ҳамда халқаро хавфсизлик ва ҳарбий масалалар бўйича британиялик етакчи экспертлардан бири ҳисобланувчи Жон Форман BBC ва Newsweek нашрларига берган интервьюларида МРБ директори ташрифи ортида жиддий сабаб бўлишини айтди.

“АҚШ президенти фавқулодда ёки ўта жиддий масала бўлмаганида МРБ директорини Москвага шошилинч ва махфий равишда юбормайди”, деди у.

Унинг таъкидлашича, АҚШ одатда юқори мартабали амалдорни қисқа вақт ичида ва олдиндан эълон қилмасдан Москвага юбормайди. Форман музокараларда Россияда сақланаётган АҚШ фуқароларини озод қилиш масаласи ҳам кўтарилиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Аммо кейинчалик Politico нашри маълум қилган маълумотларга кўра, ташрифнинг сабаби анча жиддий бўлган. Нашрнинг қайд этишича, учрашув биринчи навбатда Россияни Болтиқбўйи давлатларига қарши ҳар қандай кескинлашувдан огоҳлантиришга қаратилган бўлган. Маълум қилинишича, Рэтклифф НАТО давлатларига, хусусан, Эстония, Латвия ва Литвага ҳужум қилмасликни ҳамда Эронга ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатишни тўхтатишни талаб қилган.

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков эса Рэтклиффнинг Москвага ташрифи икки мамлакат махсус хизматлари ўртасидаги алоқалар билан боғлиқ бўлганини маълум қилди. Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ҳам Жон Рэтклифф билан Москвада учрашганини тасдиқлади.

“Учрашув бўлиб ўтди, бунда ҳеч қандай ғайриоддий нарса йўқ”, деган Наришкин журналистларга.

Аммо Рэтклиффнинг Владимир Путин билан кўришмагани айтилмоқда.

Фотограф Эндрю Лейденнинг X ижтимоий тармоғида ёзишича, Рэтклиффнинг Москвага сафаридан бир кун ўтиб, 26 август куни Трамп ишлайдиган Оқ уйдаги Овал кабинетга ташриф буюрган. Учрашувда Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет ва АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари Ден Кейн ҳам қатнашган.

Ҳаммаси бир қарашда ишонарли, кортеж видеолари, GPS ёқиб учган парвоз маълумотлари, Оқ уй, Капитолий ва миллий хавфсизликка оид воқеаларни ёритувчи фотографнинг постлари. Аммо ҳаммаси бу қадар жўн бўлганида видео шу ерда тугаган бўларди, бироқ…

“Махфий маълумотлар” атай сиздирилганми?

Шунчаки бизга тақдим этилаётган ташриф сабабларига қаранг, НАТО давлатларига ҳужум қилмаслик, Эрон билан ҳамкорликни тўхтатиш. Хўш, очиқ музокаралардаги мавзулардан нима фарқи бор? Яъни нима учун доимий масалаларни яна қайта кўриб чиқиш учун махфий учрашув ташкил этилди?

Россиянинг Эрон билан муносабатлари ҳақида ҳамма билади. Теҳрондан жўнатилган “Shahed” дронлари Украина билан можарода ҳеч қандай яширишларсиз ишлатилмоқда. Икки мамлакат ҳам ҳозир геосиёсий қийин аҳволда бўлса ҳам, хавфсизлик, савдо, энергетика, транспорт ва мудофаа соҳаларидаги ҳамкорлик давом этмоқда. АҚШ ҳам Эрон билан можарога киришгандан кейин бир неча бор Москвадан Теҳрон билан ҳамкорликни тўхтатишни талаб қилди. Қисқа қилиб айтганда, очиқ мулоқотларда миллион марталаб такрорланган масалани кўриб чиқиш учун дунёдаги энг қудратли махфий маълумотлар тўпланадиган ташкилот раҳбарини махфий музокарага юборилиши мантиққа тўғри келмайдигандек туюлмоқда.

Эстония, Латвия ёки Литвага ҳужум қилмаслик масаласи эса бошқа гап. Барча ҳарбий операцияларнинг содир бўлишини олдиндан биладиган одамнинг бу масалада бош қотириб қолгани одамни чўчитади. Ҳар ҳолда Рэтклифф ҳазиллашадиган одам эмас, аниқ разведка маълумоти бўлмаса, бирор мавзуни очмайдиган хилидан. Бунинг устига деярли ҳар уч давлат Россия билан қуруқлик чегарасига эга. Хўш, уларнинг бошига ҳам Украинанинг куни тушадими?

МРБ директори дипломат эмас, у музокаралар ўтказмайди. Унда қандайдир жиддий разведка маълумоти бўлсагина бир давлат ҳудудига яширинча сафар уюштириб, унга “биз сизларни нима қилмоқчи эканингиздан хабардормиз, эҳтиёт бўлинг”, деб огоҳлантириб келиши мумкин. Трамп ёки Рубио кабилар исталган вақтда Кремль билан боғланиши, урушни тўхтатиш масаласида бесамар яна юзлаб гапларни гапириши мумкин, аммо Рэтклифф бундай одам эмас, унинг ташрифи муҳим сигнал.

Худди шундай ташриф 2021 йил, ҳали Россия – Украина уруши олдидан амалга оширилган эди. 2021 йилнинг 2–3 ноябрь кунлари АҚШ президенти Жо Байденнинг топшириғи билан ўша вақтдаги Марказий разведка бошқармаси директори – Уильям Бернс Москвага ўта муҳим ва махфий миссия билан юборилган эди. Кўзланган асосий мақсад эса – Вашингтон Россиянинг махфий режаларидан тўлиқ хабардор эканини билдириш ва Владимир Путинни ушбу қадамдан қайтариш эди. Орадан уч ой ўтиб эса Россия Украинага бостириб киради.

Ҳа, 2021 йилнинг куз ойларида АҚШ разведкаси Россия Украина чегаралари яқинида мисли кўрилмаган миқдорда қўшин ва ҳарбий техника тўплаётгани, шунингдек, кенг кўламли бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида аниқ ва инкор этиб бўлмайдиган маълумотларни қўлга киритганди. Бернснинг вазифаси эса ушбу урушни олдини олиш эди. У Москвада Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин билан юзма-юз учрашган, Путин билан телефон орқали гаплашган. Бернс АҚШнинг огоҳлантиришини етказган, агар уруш бошлангудек бўлса, Европа ва АҚШ Россияга мислсиз санкциялар қўйишини, халқаро изоляция қилинишини, Украина эса муттасил ҳарбий қўллов олиб туришини таъкидлаганди. Бироқ, 2022 йил 24 февралда Россия Украинага барибир кенг кўламли ҳужум бошлади.

Буни қарангки, эндиги МРБ директори Болтиқбўйи давлатларига ҳужум қилмасликни талаб қилмоқда. Агар шунча фактдан хулоса қиладиган бўлсак, демак, МРБга чиндан Россия Эстония, Латвия ёки Литвага ҳужум қилишга тайёрланмоқда мазмунидаги разведка маълумотлари келиб тушган. Бу эса уруш фронти ҳали яна кенгайишини, уруш домига яна бошқа давлатлар тортилишини билдиради. Ахир юқоридаги давлатлар НАТОга аъзо, ташкилот низомининг ўша машҳур 5-моддасига кўра эса, бир давлатга қилинган ҳужум бошқа давлатларнинг ҳарбий реакция билдиришига сабаб бўлади. Яъни фақат Россия ва Украина ўртасидаги уруш қисқа фурсатда кенг кўламда Ғарб ва Россия урушига айланиб кетиши мумкин.

Аммо Кремль бундай сценарийни рад этмоқда. Чиндан ҳам НАТОга аллақачон аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилиш Москва учун ўз жонига қасд қилиш бўлади. Украина-ку ҳали тўла аъзо бўлиб улгурмаган эди. Шунда ҳам тинмай қўллов ва Украина халқининг мардоновор ҳаракати туфайли бугун дунёнинг энг катта давлати, урушгача иккинчи энг қудратли армияга эга деб ҳисоблаб келинган давлатни “думини қайриб” қўя олди. Бугун Москва базўр тик оёқда қолмоқда. Фронт чизиғи қимирламай қўйганига анча бўляпти. Дронлар эса аллақачон мамлакат ичига бемалол кириб “сайр қилиб юрибди”. Хоҳласа, саноат корхоналарига, хоҳласа Wildberries ёки Ozon каби тижорат корхоналарининг омборларига, хоҳласа пляжларга ҳужум қилмоқда. Бундай вазиятда Украинадан каррасига кучли бўлган яна ўнлаб давлатларга қарши туриш Путин тугул Сталин тирилиб келса, қўлидан келмайди.

Хўш, нега унда ёлғон маълумот сиздирилди? Ҳақиқий савол айнан шу ерда. Вашингтон картинани қандай кўришимизни ўзи белгилаб бермоқчи. Махфий маълумотлар ҳануз махфий сақланмоқда, бизга ташланган “нон увoқлари” эса ҳақиқий вазиятни хирароқ кўришимизга олиб келяпти холос. Хўш, бундай хавотирли маълумотлар орқали қандай сигнал берилмоқда? Москвадан чўчиш керакми ёки Вашингтондан?
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends