Москвада портлатилган украиналик собиқ амалдор Россия жосуси бўлиб чиқди

World

−

image

Бугун, 13 ноябрь куни эрталаб Москванинг Чертаново туманида машинаси портлатилган Украина собий бош вазири Николай Азаровнинг собиқ маслаҳатчиси Сергей Заворотний Россия Ташқи разведка хизмати (ТРХ) зобити ҳисобланади. Бу ҳақда АҚШ Сенатининг Разведка қўмитаси томонидан 2016 йилги Америка сайловларига Россия аралашуви юзасидан тайёрланган ҳисоботда сўз борди.  

“Важные истории” ўрганган маълумотларга кўра, 72 ёшли Заворотний Москвада Кировоградская кўчаси, 2-уй манзилида яшаган. Автомобиль ушбу жойдан беш дақиқалик масофада портлаган. Сизиб чиққан маълумотлар, шунингдек, Заворотний портлатилган 2020 йилда ишлаб чиқарилган Toyota Fortuner йўлтанламасига эгалик қилганини ҳам тасдиқлайди. Россия Тергов қўмитаси портлаш оқибатида Заворотний жабрланганини тасдиқлаган. У пойтахт шифохоналаридан бирига етказилган. “112” маълумотларига кўра, эркак кома ҳолатига тушган, шифокорлар уни операция қилмоқда. Қотилликка суиқасд қилиш моддаси (Россия Жиноят кодексининг 30- ва 105-моддалари) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

“Коммерсантъ” маълумотларига кўра, Заворотний машинасининг остига магнитли мина ўрнатилган. У масофадан туриб ҳаракатга келтирилган. Портлаш қуввати тротил эквивалентида 300–500 граммга тенг бўлган. Шу билан бирга, нашрнинг ёзишича, кейинчалик жиноят иши теракт моддасига (Жиноят кодексининг 205-моддаси) қайта квалификация қилиниши мумкин, агар мина ўрнатувчи Россия фуқароси экани аниқланса, унга давлатга хиёнат қилиш айблови (Жиноят кодексининг 275-моддаси) таҳдид солади.

Маълумот учун, Сергей Заворотний Лотин Америкаси мамлакатларида “Комсомольская правда” газетасида, кейин эса Давлат думасида ишлаган. 2010 йилдан 2014 йилгача Украина собиқ бош вазири Николай Азаровнинг матбуот котиби бўлган. 2018 йилда “Янукович топширди. Давлат департаменти қабул қилди. Россия Украинани қандай йўқотди?” номли китобни нашр эттирган. 2014 йилдан кейин Евромайдонни давлат тўнтариши деб атаган, Ғарбни Украинани ташқаридан бошқаришда айблаган ва “Антифашист” ахборот ресурсига раҳбарлик қилган.

Эслатиб ўтамиз, Заворотний машинасининг портлатилиши икки кун ичидаги иккинчи шундай ҳодиса бўлди. Кеча, 12 ноябрь куни Санкт-Петербургда ҳам рулида, тахминларга кўра, Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа 6-армияси қўмондонининг ҳарбий-сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Андрей Ходикин бўлган автомобиль портлатилган эди. У воқеа жойида ҳалок бўлган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends