Месси ёнғиндан жабрланган ҳудудга 80 минг евро хайрия қилди

Sport

image

“Интер Майами” ҳужумчиси Лионель Месси Испаниянинг Сьерра-Оэсте-де-Мадрид ҳудудини тиклаш ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 80 минг евро хайрия қилди. Бу ҳақда Мадрид ҳамжамияти президенти Исабель Диас Аюсо маълум қилди.

“Лео Месси Сьерра-Оэсте-де-Мадридни тиклаш учун 80 минг евро хайрия қилди.
Унга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, Мадрид халқи унинг келишини интиқлик билан кутаётгани ва муносиб тарзда қарши олишга тайёрлигини таъкидламоқчиман”, деб ёзди Исабель Диас Аюсо ижтимоий тармоқда.

Мессининг хайрия маблағлари ёнғиндан энг кўп зарар кўрган муниципалитетлардаги тиклаш ишларига йўналтирилади. Мадрид минтақавий ҳукуматининг маълумотига кўра, футболчининг вакиллари молиявий ёрдамни қандай тартибда амалга ошириш мумкинлигини билиш учун ҳукумат билан боғланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ёнғин оқибатида 100 та уй бутунлай вайрон бўлган, 300 дан ортиқ уй эса турли даражада зарар кўрган.

Мадрид ҳамжамияти жорий йилнинг 29 июль куни жабрланган ҳудудларни тиклаш учун хайрия жамғармасини ташкил этган бўлиб, ҳозирга қадар қарийб 200 минг евро маблағ йиғилган.

Мадрид фавқулодда хизматларининг маълум қилишича, Сьерра-Оэсте ҳудудидаги ўрмон ёнғини тўлиқ назоратга олинган ва ҳозирда уни тўлиқ бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, ёнғин Мадрид вилоятидаги 17 та муниципалитетга таъсир кўрсатган. Оқибатда 55 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган ёки хавфсиз ҳудудларда қолишга мажбур бўлган.

Минтақавий ҳукуматнинг дастлабки баҳосига кўра, ёнғин 27 минг гектардан ортиқ майдонни зарарлаган бўлиб, бу Мадрид вилоятида сўнгги ўн йилликларда кузатилган энг йирик ўрмон ёнғинларидан бири ҳисобланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends