Марсда ҳаёт учун қулай шароитлар бўлгани ҳақида янги далил топилди
Interesting
−
08:15 1207 2 minutes
Африканинг Мали давлати ҳудудидаги Саҳрои Кабирдан 2022 йилда топилган Марс метеоритининг ёши камида 4,1 миллиард йил экани аниқланди. Олимлар ушбу топилма қадимги Марсда суюқ сув ва ҳаёт учун қулай шароитлар бўлгани ҳақида янги маълумотлар берганини айтмоқда. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.
Маълум қилинишича, Teghaza 001 деб номланган қизғиш рангли метеорит 2022 йилда топилган. Олимлар унинг ёшини ураннинг вақт ўтиши билан қўрғошинга айланишига асосланган усул орқали аниқлаган. У Ерда топилган 435 та Марс метеоритининг энг қадимгиларидан бири ҳисобланади.
Тадқиқот натижалари метеорит таркибида сув билан ўзаро таъсирга киришган минераллар мавжудлигини кўрсатган. Хусусан, кислород ва водород изотоплари сув миллиардлаб йиллар аввал Марс қобиғининг чуқур қатламларига сингиб, эриган жинслар билан аралашганидан далолат беради.
NASA олимларининг фикрича, бу топилма қадимги Марс ҳозиргига қараганда анча иссиқ ва нам бўлганини кўрсатади. Ўша даврда сайёрада дарёлар, кўллар ва ҳатто шимолий яримшарда океан бўлган бўлиши мумкин.
Тадқиқот ҳаммуаллифи, NASA’нинг Эймс тадқиқот маркази сайёрашуноси Ли Сапернинг билдиришича, топилма қадимги Марсда ҳаёт мавжуд бўлиши учун зарур шароитлар бўлган деган тахминни кучайтиради. Бироқ бу сайёрада ҳақиқатан ҳам ҳаёт бўлганини исботламайди.
Олимларнинг қайд этишича, Марснинг дастлабки даврларидаги нам ва қалин атмосферали муҳити вақт ўтиши билан ўзгарган. Сайёра мавжудлигининг дастлабки миллиард йили давомида ҳаёт учун қулай шароитлар тезда йўқола бошлаган ва Марс ҳозирги совуқ, қуруқ ҳолатга келган.
Маълумот учун, Марс тарихининг дастлабки даврларига оид атиги учта метеорит маълум. Teghaza 001 улардан бири ҳисобланади. Олимлар унинг Марснинг жанубий баландликларидан, эҳтимол, Ҳеллас ҳавзаси яқинидан келиб чиққанини тахмин қилмоқда.
Метеорит Марс юзасига бошқа осмон жисми урилиши оқибатида коинотга отилиб чиққан ва узоқ вақт фазода ҳаракатланган. Кейинчалик Ер атмосферасига кириб, Саҳрои Кабирга тушган. Унинг Ерга айнан қачон келиб тушгани ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар илк бор ўлган юлдуз қолдиқларидан ҳосил бўлган бўлиши мумкин бўлган сайёрани аниқлаган эди.
Live
All30 October