АҚШ Ўзбекистонда кўзлаган мақсадига эришдими?

Review

−

Reklama
0:00

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Самарқандда АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари иштирокида C5+1 форматидаги учрашув бўлиб ўтади. Айни пайтда биз турган Конгресс марказида ушбу муҳим халқаро тадбирга тайёргарлик ишлари авжида.

18 октябрь куни Самарқандга етиб келган АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 200 дан ортиқ бизнес вакилларидан иборат Америка тижорат делегациясига бошчилик қилмоқда. Ташриф доирасида у C5 гуруҳига кирувчи Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг юқори лавозимли расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади. Бу – АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг лавозимга киришганидан буён Ўзбекистонга илк ташрифи.

Хўш, Америка дипломатияси раҳбарининг ташрифи Ўзбекистонга қандай фойда келтиради? Ўтган йили Вашингтонда ўтказилган C5+1 форматидаги учрашувга бу йил Самарқанднинг мезбонлик қилиши қандай халқаро аҳамиятга эга?

“C5+1” қачон ташкил топган?

“C5+1” – Марказий Осиёнинг беш давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасидаги дипломатик мулоқот платформаси. Ушбу форматга 2015 йил 26 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессияси доирасида асос солинган. Ўша пайтда АҚШ Давлат котиби Жон Керри Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб, минтақавий сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик масалаларида мунтазам мулоқот механизмини яратиш ташаббусини илгари сурган.

Орадан кўп ўтмай, 2015 йил 1 ноябрь куни “C5+1” форматидаги дастлабки расмий учрашув Самарқандда бўлиб ўтди. Яна йиллар ўтиб, 2026 йилнинг 19 октябрь куни АҚШ ва Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари яна Самарқандда бир стол атрофида жам бўлди.

Хўш, нега айнан Самарқандда? Бу шунчаки дипломатик анъанами ёки минтақада геосиёсий вазият ўзгариб, АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан манфаатлари ва устувор йўналишлари янгиланаётганидан далолатми? Бугунги учрашувнинг 2015 йилдаги мулоқотдан фарқи нимада ва бу жараёнда иқтисодий ҳамкорлик қандай ўрин тутади? Бу саволларга 29 йилдан бери АҚШда яшаб, Америка банкларининг молия сиёсатларидан хабардор бўлган, ва АҚШдаги Oppenheimer банкининг Шарқий Европа бўйича бошқарувчи директори лавозимида ишлаб келаётган Фарҳод Иноғомбоевдан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

АҚШ билан 12 миллиард долларлик янги келишувлар

Саммарқандда 200 ортиқ бизнес вакилларидан иборат АҚШ делегациясига бошчилик қилган Марко Рубионинг ташрифидан кутилган иқтисодий натижалар куннинг иккинчи қисмида эълон қилинди.

Ўзбекистон ва АҚШ савдо, инвестициялар ва технологиялар соҳасида умумий қиймати $12 млрд бўлган 54 та келишувни имзолади. Qalampir.uz B2G учрашувларида қатнашган хорижий ва маҳалий тадбиркорлардан Ўзбекистонда қайси соҳаларга сармоя киритишни режалаштираётгани билан қизиқди.

“АҚШ учун Ўзбекистондаги қайси соҳалар муҳим? Албатта, Вашингтоннинг амалдаги маъмурияти ва мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим йўналишлардан бири – ишончли ва барқарор минерал хомашё етказиб бериш занжирларига эга бўлиш. Ўзбекистон бу борада зарур имкониятларни тақдим эта олади.

Мен Вашингтонда жойлашган North Coast Communications компанияси президентиман. Компаниямиз бутун дунё бўйлаб PR хизматлари, ҳукумат билан алоқалар ва стратегик коммуникациялар йўналишларида фаолият юритади. C5+1 ажойиб мулоқот платформасига айланди. Мен вакиллик қилаётган АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар тобора кенгаймоқда. Иқтисодий кўприклар ва бизнес алоқалари қурилмоқда. Биз хусусий сектор вакили сифатида ҳукуматлардан миннатдор бўлишимиз ва бошқа компаниялар билан келажакдаги ҳамкорликдан хурсанд бўлишимиз керак”, дейди North coast communication компанияси директори.

Битимларда GE Aerospace, Wabtec, Citigroup, BlackRock ва Amazon Leo каби компаниялар иштирок этади. Лойиҳалар авиация, темир йўл транспорти, энергетика, кончилик, молия ва рақамли технологиялар соҳаларини қамраб олади.

Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири – транспорт инфратузилмасини модернизация қилишдан иборат.

GE Aerospace компанияси Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг янги самолётлари учун двигателлар етказиб беришни назарда тутган. Wabtec билан ҳамкорлик эса темир йўл техникаси ва эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган.

Келишувларнинг яна бир қисми молия сектори ва миллий компанияларнинг халқаро капитал бозорларига чиқиши билан боғлиқ.

Franklin Templeton, Oppenheimer & Co., Citigroup ва BlackRock билан тузилган битимлар институционал инвесторларни жалб қилиш, халқаро молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилган.

Кончилик соҳасида ReElement Technologies, Traxys ва Trafigura компаниялари билан ҳамкорлик конларни ўрганиш ва ўзлаштириш, технологик ҳамкорлик ҳамда минерал ресурсларни етказиб беришни қамраб олади.

Бошқа ташаббуслар Amazon Leo иштирокида сунъий йўлдош алоқасини ривожлантириш, GE HealthCare билан тиббий технологияларни жорий этиш ва Valmont Industries билан қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишни назарда тутади.

Умуман олганда, келишувлар энергетика, рақамли технологиялар, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ҳам қамраб олади.

Учрашувда иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо ҳажми йил бошидан буён 35 фоизга ошгани қайд этилди. Ҳозир икки давлат фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

“Бу форум – савдо маркази бўлибгина қолмай, кўп йиллар давомида инновациялар маркази ҳам бўлган тарихий шаҳарда ўтказилаётган ноёб имконият ҳисобланади. Компаниялар, маслаҳатчилар, йирик инвесторлар ва ҳукумат вакилларини бир жойга жамлаш Ўзбекистон ва бутун минтақага кўпроқ эътибор ва кенгроқ имкониятлардан фойдаланиш имконини беради. Аслида, капитал бозори инвесторларини минтақага жалб қиладиган омил ҳам шу”, дейди Oppenheimer банкининг халқаро бизнес йўналиши бўйича бош ижрочи директори.


 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends