Марказий Осиё ва унинг нефтга бой янги дўсти

Review

image

Баъзан давлат раҳбарларининг норасмий деб эълон қилинган учрашувларининг аҳамияти расмий саммитларникидан асло қолишмайди. Жорий йилнинг 31 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон президентлари ҳамда мамлакатларнинг биринчи хонимлари иштирокидаги йиғин фақатгина маданий тадбир эмас, балки минтақа геосиёсий харитасини ўзгартирувчи аҳамиятга эга бўлди.

Бугун Марказий Осиё давлатлари билан тобора яқинлашиб бораётган Озарбайжоннинг бундай тор доирадаги маслаҳат учрашувларида иштирок этиши унинг “энг яқин ҳамкорлар” қаторида кўрилаётганидан дарак беради. Озарбайжон иштирокида анъанавий C5 (бешта Марказий Осиё давлати) мулоқот формати тўлақонли C6 тузилмасига айланиши глобал савдо ва геосиёсий йўналишларнинг кенг кўламли қайта конфигурациясига мантиқий жавоб бўлди. Бундан ташқари энди тадқиқотчиларни бир масала ўйлантирмоқда: Ўзаро иттифоқчига айланаётган C6 давлатлари бир кун келиб ҳарбий иттифоқ тузиши мумкинми?

Маданий дипломатия

Қирғизистоннинг Иссиқкўл бўйидаги Чўлпонота шаҳри Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учун бегона маскан эмас. 2022 йилда ҳам айнан шу шаҳарда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг IV Маслаҳат учрашуви ўтказилган эди. Орадан тўрт йил ўтиб, Чўлпонота яна минтақавий дипломатиянинг марказига айланди. Бу сафарги учрашув эса аввалгиларидан нафақат сиёсий кун тартиби, балки ўзига хос маданий ва оилавий муҳити билан ҳам ажралиб турди.

31 июль куни Қирғизистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унга мезбон сифатида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров раислик қилди. Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда илк бор фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этди.

Мазкур норасмий маслаҳат учрашувига кўплаб давлат раҳбарлари ўз турмуш ўртоқлари билан ташриф буюрди. Бу эса учрашувни нафақат сиёсий музокаралар, балки минтақа давлатлари ўртасидаги маданий яқинлик ва оила дипломатиясини намоён этувчи йирик тадбирга айлантирди.

Меҳмонларни кутиб олиш маросими ҳам юқори даражада ташкил этилди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва унинг рафиқаси Айгул Жапарова хорижий делегацияларни тантанали равишда кутиб олди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироатхон Мирзиёева билан, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев эса биринчи хоним Меҳрибон Алиева билан ташриф буюрди.

Норасмий саммит дастурининг илк муҳим воқеаларидан бири Иссиқкўл бўйида жойлашган янги беш юлдузли “Baku Resort & Spa” меҳмонхонасининг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда барча давлат раҳбарлари ва биринчи хонимлар биргаликда иштирок этди. Янги туризм мажмуасининг фойдаланишга топширилиши минтақанинг туризм салоҳиятини ривожлантириш йўлидаги рамзий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Норасмий учрашувларда классик дипломатиядан ҳам самаралироқ бўлган антиқа дипломатик воситалардан фойдаланилади. Финляндияда сауна дипломатияси, Британияда чой дипломатияси каби эркин мулоқот қуриш воситалари тез-тез қўлланиб туриши кўпчиликка маълум бўлса керак. Чўлпонота саммити иштирокчилари эса Иссиқкўл соҳилида жойлашган халқаро гольф мажмуаси фаолияти билан танишди. Бундай норасмий тадбирлар давлат раҳбарларига расмий музокаралардан ташқари эркин мулоқот қилиш имконини яратади. Сўнгги йилларда халқаро дипломатияда гольф майдонлари кўплаб норасмий учрашувлар учун алоҳида маскан вазифасини ўтаётгани боис, Чўлпонотадаги ушбу ташриф ҳам ўзига хос рамзий аҳамият касб этди.

Президентлар сиёсий ва иқтисодий масалаларни муҳокама қилаётган бир пайтда, биринчи хонимлар учун алоҳида маданий дастур тайёрланди. Зироат Мирзиёева ҳамда Озарбайжоннинг биринчи хоними Меҳрибон Алиева Чўлпонотадаги “Олтин-Болалик” соғломлаштириш ва реабилитация марказига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишди. Ушбу ташриф саммит дастурининг инсонпарварлик ва ижтимоий йўналишини ҳам намоён этди дейиш мумкин. Биринчи хонимлар бу ерда қирғизистонлик ёшлар иштирокида маҳаллий урф-одатлар билан танишди. Ташриф давомида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ҳисобланган “Дўстлик дарахти” номли кигиз панносига якуний безак элементини тушириш маросими ҳам биринчи хонимлар иштирокида ўтказилди.

30 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг олий давлат мукофотларидан бири – I даражали “Манас” ордени билан тақдирланди. Бу мукофот сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий ишонч, чегаравий масалаларни ҳал этиш, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда минтақавий интеграцияни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг юксак эътирофи сифатида баҳоланди.

Шунингдек, Садир Жапаров Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевни ҳам худди шундай орден билан тақдирлади. Мазкур мукофот икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун берилди.

31 июль оқшомида эса Чўлпонотада Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва биринчи хоним Айгул Жапарова номидан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда биринчи хоним Меҳрибон Алиева шарафига давлат қабули ташкил этилди. Тантанали қабул саммитнинг маданий дастурини якунлаб, давлат раҳбарлари ва уларнинг оила аъзоларига норасмий мулоқот қилиш имконини берди.

Шу тариқа, 31 июль куни бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари иштирокидаги норасмий маслаҳат учрашуви бир нарсани кўрсатди. Энди бу давлатлар шунчаки ҳамкор, қўшни ёки ягона этник илдизга эга миллатлар эмас, балки бир оила даражасидаги яқин дўстлардир.

Сиёсий назар

Бугунгача Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари нақд 8 марта бўлган. Аммо бу сафарги норасмий саммит ўтган еттитасидан бир жиҳати билан фарқ қилди. Энди аввалги C5 формати кенгайди, учрашувда нафақат беш Марказий Осиё давлати, балки Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам тўлақонли иштирок этди. Бу эса кўпчилик экспертлар тилга олаётган C6 форматининг амалда шаклланаётганидан дарак берди.

Энг муҳим сиёсий воқеалардан бири Қирғизистоннинг иттифоқчилари бир эмас, бирданига иккитага кўпайгани бўлди. 30 июль куни олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси раҳбарлари Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу, ўз навбатида, ҳамкорликнинг энг олий даражаси деганидир. 31 июль куни эса Президент Садир Жапаров ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам худди шу мазмундаги ҳужжатни имзолади.

“Бугун сиз билан биргаликда давлатлараро муносабатларимизни энг юқори даражага кўтардик, бу яна бир бор ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишимизни намоён этди”, деди Озарбайжон раҳбари.

Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувига қўшилиши Марказий Осиёнинг геосиёсий харитасини ўзгартираётган жараёнлардан бири. Бугунгача минтақа кўпроқ C5 – беш Марказий Осиё давлати форматига таянар эди. Озарбайжоннинг қўшилиши билан эса Каспий денгизининг икки қирғоғи ягона сиёсий ва иқтисодий маконга айланиш имконига эга бўлади. Бу эса Марказий Осиёни Жанубий Кавказ орқали Туркия, Қора денгиз ва Европа бозорларига бевосита боғлайдиган янги геоиқтисодий йўналишни кучайтиради.

Аслида Озарбайжон бу занжирнинг энг муҳим ҳалқаси ҳисобланади. Чунки Каспий денгизидан ўтадиган деярли барча йирик транспорт йўлаклари айнан Боку орқали давом этади. Демак, Ўзбекистон ёки Қозоғистондан Европага чиқаётган юклар учун Озарбайжон оддий транзит ҳудуд эмас, балки стратегик дарвоза вазифасини бажаради.

Бундан ташқари, Озарбайжоннинг энергетика бўйича тажрибаси Марказий Осиё учун анчагина асқатади. Айниқса, Чўлпонотадаги йиғилишда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон минтақа олдида пайдо бўлаётган янги таҳдидларни алоҳида тилга олгач, Бакунинг иттифоқдаги аҳамияти янада аниқроқ намоён бўла бошлади. Унга кўра, бугунги геосиёсий вазият Марказий Осиё давлатларидан хавфсизлик, иқтисодиёт ва транспорт масалаларида якка эмас, балки биргаликда ҳаракат қилишни талаб қилмоқда. Президент янги хавф-хатарларга қарши умумий ёндашув ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Раҳмон транспорт ва логистика йўлакларини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида урғу берди. Унинг фикрича, минтақа ичидаги боғлиқлик кучайса, ташқи иқтисодий босимларга чидамлилик ҳам ортади.

“Биз ушбу имкониятлардан халқларимиз манфаатлари йўлида максимал даражада самарали фойдаланишимиз, шу билан бирга минтақавий ривожланишнинг долзарб масалаларини илгари суришда барча томонлар учун мақбул бўлган ёндашувларни сақлаб қолишимиз керак”, дейди у.

Энг эътиборли таклифлардан бири эса Марказий Осиёда йирик нефтни қайта ишлаш заводи барпо этиш ташаббуси бўлди. Бундай лойиҳа амалга ошса, минтақа хом нефть экспортчисидан юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳудудга айланиши мумкин. Бу эса энергетика хавфсизлигини ошириш билан бирга саноат кооперациясини ҳам кучайтиради.

“Тегишли идораларимизга энг сўнгги технологияларни жалб қилган ҳолда минтақада йирик нефтни қайта ишлаш заводини қуриш масаласини ишлаб чиқишни топширишни таклиф қиламан”, дейди Раҳмон.

Чиндан ҳам Марказий Осиёдаги Россияга энергетик қарамлик сўнгги йилларда, айниқса Украина билан кечаётган уруш даврида тобора хавфли бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, нафақат Россия, балки бошқа ёнилғи экспортчиларидан ҳам маҳсулотларни олиб келиш тобора хавфли бўлиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Айнан шу туфайли энергетик мустақилликка эришиш энг мақбул вариант бўлиб қолмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Россиядан табиий газ импорт қилишни йўлга қўйган, янги энергетика лойиҳалари муҳокама қилинмоқда, газ инфратузилмаси бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда. Бир томондан, бу қисқа муддатда энергия тақчиллигини юмшатишга хизмат қилаётган бўлиши мумкин, аммо бошқа томондан эса айрим таҳлилчилар минтақа, жумладан Ўзбекистоннинг Россия энергетикасига қарамлиги ортиб бораётганини таъкидламоқда.

Айнан шу нуқтада C6 форматининг аҳамияти янада ортади. Чунки Озарбайжон Каспий минтақасидаги йирик нефть ва газ экспортчиларидан бири ҳисобланади. Келажакда энергетика йўналишида ҳам ҳамкорлик чуқурлашса, Марказий Осиё давлатлари энергия манбаларини диверсификация қилиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бу эса минтақанинг стратегик мустақиллигини мустаҳкамловчи омиллардан бирига айланиши эҳтимолдан холи эмас.

Халқаро муносабатлар назариясида “иттифоқ” деганда, одатда давлатларнинг ўзаро ҳарбий ҳимоя мажбурияти тушунилади. Яъни иттифоқчилардан бирига ташқи ҳужум қилинса, қолган давлатлар ҳам уни ўз хавфсизлигига таҳдид сифатида қабул қилади ва муайян мажбуриятлар асосида ҳаракат қилади.

Бунинг яққол мисоли сифатида НАТОнинг 5-моддасини келтириш мумкин. Унга кўра, бир аъзо давлатга қилинган қуролли ҳужум барча аъзоларга қарши ҳужум сифатида баҳоланади. КХШТнинг 4-моддаси ҳам шу каби коллектив мудофаа тамойилига таянади. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларида ҳам томонлардан бирига нисбатан агрессия содир этилса, бу барчага қарши қилинган тажовуз сифатида қаралиши белгиланган.

Аммо Ўзбекистон сўнгги йилларда турли давлатлар билан имзолаётган “иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартномаларга келганда, вазият бироз бошқача.

Бу ҳужжатларда НАТО ёки КХШТдаги каби “бир давлатга ҳужум – барчага ҳужум” тамойилини автоматик равишда ишга туширадиган ҳарбий мажбурият мавжуд эмас. Томонлар, асосан, хавфсизлик масалалари бўйича мунтазам маслаҳатлашиш, бир-бирига қарши қаратилган ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, шунингдек, мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш каби мажбуриятларни зиммасига олмоқда.

Шу ерда муҳим савол туғилади: агар шартнома давлатни иттифоқчисини ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қилишга мажбур қилмаса, уни қанчалик “классик иттифоқ” деб аташ мумкин?

Жавоб шуки, бундай келишувларни классик ҳарбий иттифоқлар билан бир қаторга қўйиш тўғри эмас. Бу шартномалар кўпроқ сиёсий, дипломатик ва хавфсизлик соҳасидаги яқин ҳамкорликни институционаллаштиради. Яъни гап автоматик ҳарбий ёрдам бериш ҳақида эмас, балки эҳтимолий таҳдидлар юзага келганда маслаҳатлашиш, позицияларни мувофиқлаштириш ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳақида кетмоқда.

Демак, бу ерда “иттифоқчилик” атамасининг ўзига эмас, шартномада қандай мажбуриятлар белгиланганига қараш муҳим. Зеро, халқаро муносабатларда ҳужжатнинг номи эмас, унинг томонларга юклайдиган аниқ мажбуриятлари давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳақиқий характерини белгилайди.
“Унда нега “иттифоқчилик” атамаси танланмоқда? Менимча, бу шартномаларнинг асосий вазифаси ташқи душманга қарши бирлашишдан кўра, минтақавий тартибни мустаҳкамлашдир. Улар Шавкат Мирзиёев давридаги қўшничилик сиёсатини институционаллаштиради, чегара масалалари бўйича эришилган келишувларни мустаҳкамлайди ва давлатлар ўртасида мунтазам ҳамкорлик механизмларини яратади. Шу билан бирга, улар минтақа давлатларининг ўзаро тенг ва мустақил шерик сифатида ҳаракат қилишга интилаётганини ҳам намоён этади”, деб ёзади Отабек Икромов.

Чиндан бу ёндашув Ўзбекистоннинг кўп йиллардан бери изчил амал қилиб келаётган блокларга қўшилмаслик ва ҳарбий-сиёсий мувозанатни сақлашга қаратилган ташқи сиёсат концепциясига ҳам тўлиқ мос келади.

Хуллас, Чўлпонотадаги учрашув ташқи томондан норасмий маслаҳат йиғини деб талқин этилса-да, унинг ортида анча катта геосиёсий жараёнлар турибди. Бир томонда C6 формати шаклланмоқда. Иккинчи томонда транспорт йўлаклари, логистика ва саноат интеграцияси кун тартибига чиқмоқда. Учинчи томонда эса энергетика хавфсизлиги ва ташқи қарамликни камайтириш масаласи тобора долзарб тус олмоқда.


Share with your friends