Макрон Европа Иттифоқига болалар масаласида таклиф билан чиқди

World

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа Иттифоқида 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашни таклиф қилди. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.

Нашрга кўра, Макрон жорий йилнинг 29 август куни Еврокомиссия Президенти Урсула фон дер Ляйенга йўллаган мактубида Европа Иттифоқи миқёсида бундай тақиқни жорий этиш учун янги қонунчилик ишлаб чиқишга чақирган. Унинг мактуби “Reuters“ ва бошқа ОАВлар томонидан кўрилган.

Макроннинг сўзларига кўра, Францияда 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қаратилган қонун лойиҳаси мамлакат Конституциявий кенгаши томонидан ёзда рад этилган. Шу сабабли, бу масалани Европа Иттифоқи даражасида ҳал қилиш зарур.

“Эндиликда Европа Иттифоқидаги барча болаларни ҳимоя қилиш учун 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлашни янги Европа қонунчилиги орқали уйғунлаштириш муҳим“, деб ёзган Макрон.

Маълумотларга кўра, Австралия ўтган йили болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича қонун қабул қилганидан кейин Европанинг бир қатор давлатлари ҳам ёшлар учун бундай чекловларни кўриб чиқмоқда. Бунга ижтимоий тармоқларнинг ёшларнинг руҳий саломатлиги ва хавфсизлигига таъсири борасидаги хавотирлар сабаб бўлмоқда.

Бироқ айрим давлатлар, айниқса Скандинавия мамлакатлари, бундай қарорни ҳукумат эмас, ота-оналар қабул қилиши керак, деб ҳисобламоқда.

Франция Президенти сифатидаги ваколати якунига бир йил қолган Макрон бу масалани 2027 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан устувор йўналишлардан бирига айлантирган. У бошқа Европа Иттифоқи давлатларини ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга нисбатан қатъий чекловларни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.

Урсула фон дер Ляйен июль ойида Европа Иттифоқининг 27 давлатида ёш болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш режалаштирилаётганини айтган. Икки эксперт таклиф қилган тизимга кўра, 13 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фақат чекланган ва назорат остида фойдаланишга рухсат берилиши, бола улғайгани сари чекловлар босқичма-босқич юмшатилиши мумкин.

Макрон эса бундан ҳам қатъийроқ чорани таклиф қилмоқда – 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш. У бу ташаббусни фон дер Ляйеннинг шу ой охирида Европарламентда қилиши кутилаётган Европа Иттифоқининг йиллик мурожаати олдидан илгари сурмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Франция Конституциявий кенгаши 15 ёшга тўлмаганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни назарда тутган қонун лойиҳасини сўз ва мулоқот эркинлиги ҳамда шахсий ҳаёт дахлсизлигига зид деб топиб, рад этган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends