Маҳаллий Кенгаш депутатларининг ваколатлари кенгайтирилади

−

image

Ўзбекистонда маҳаллий Кенгашларда ҳисоботларни эшитиш тизими такомиллаштирилади. Бу ҳақда Президент кеча, 16 ноябрь куни имзолаган “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти кафолатларини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда белгиланган.

Ҳужжатга кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўз ҳисоботлари ва ахборотларини белгиланган муддатларда маҳаллий Кенгашларга шахсан тақдим этиши шарт.

Шунингдек, ҳар чоракда бир марта Кенгаш сессияси кун тартибидаги биринчи масала сифатида сайлов округларидаги муаммолар муҳокама қилинади. Бу жараён, қоида тариқасида, ҳоким ва унинг ўринбосарлари иштирокида, аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб ўтказилади.

Фармон билан маҳаллий бюджет маблағларини тақсимлашда депутатлар ташаббусига ҳам кенгроқ ўрин ажратилди. Хусусан, 2028 йил учун маҳаллий бюджет лойиҳасини шакллантиришда бюджет харажатларининг 3 фоиздан 5 фоизгача бўлган қисми ҳудуд тоифасидан келиб чиқиб, бевосита депутатлар ташаббуси асосида йўналтирилади.

Депутатларнинг бюджет ташаббуслари келгуси йил учун бюджет сўровини шакллантириш муддатидан камида бир ой олдин тайёрланади. Бундан ташқари, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар лойиҳалари юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий Кенгашлари сессияларида фуқароларнинг кузатувчи сифатида иштирок этиши амалиёти жорий этилади. Бунда улар сессия ишига аралашиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Фармонда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳудуддаги корхона, муассаса ва ташкилотларга кириш ҳуқуқи ҳам белгиланган. Унга кўра, депутатларнинг тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқи уларнинг қайси даражадаги Кенгаш депутати эканидан келиб чиқиб амал қилади.

Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашларга ўз қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажармаган ёки белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этмаган мансабдор шахслар юзасидан юқори турувчи органларга тақдимнома киритиш ваколати берилади.

Бундай тақдимномаларда мансабдор шахснинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги ёки уни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи кўтарилиши мумкин. Юқори турувчи органлар ушбу тақдимномаларни мажбурий тартибда кўриб чиқиши белгиланган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends