Лондондаги қадимий тобутдан топилган скелет кимга тегишли экани аниқланди
Interesting
−
09:09 1248 2 minutes
Лондондаги Вестминстер аббатлигидан топилган, қарийб 150 йилдан бери сир бўлиб келаётган скелет кимга тегишли бўлиши мумкинлиги аниқланди. Археологлар унинг XI аср бошларида яшаган Вестминстер монастири аббатларидан бирига тегишли эканини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълум қилинишича, тобут дастлаб 1820 йилда аббатлик ҳудудида топилган. У Рим империяси даврига, тахминан милодий IV асрга тегишли бўлиб, ундаги лотинча ёзувда “Валерий Амандиус хотирасига“ деган сўзлар битилган.
.png)
Бироқ тобут қопқоғига англосакслар даврига хос хоч тасвири ўйилган. Бу белги тобут Рим давридан камида 600 йил кейин қайта ишлатилган бўлиши мумкинлигини кўрсатган.
Вестминстер аббатлиги археологи Уорик Родвелл 2016 йилда тобутни қайта очиш ва ундаги қолдиқларни ўрганиш имкониятига эга бўлган. Таҳлиллар скелетдаги суяклар тахминан 987–1052-йилларга тегишли эканини кўрсатган. Марҳум эркак бўлиб, вафот этганида 35–49 ёшда бўлган. Скелетнинг қарийб 90 фоизи сақланиб қолган.
.png)
Тадқиқотчилар тобут ичидан оҳак қолдиқларини ҳам топган. Бу жасад аввал ёғоч тобутга жойлаштирилиб, устидан оҳак сепилган ҳолда тош тобутга қўйилганини кўрсатади. Олимларнинг айтишича, ўрта асрларда бундай дафн усули кам учраган ва асосан юқори мавқега эга кишилар учун қўлланган.
Ушбу далиллар асосида археологлар марҳум Вестминстер монастирининг аббати бўлганини тахмин қилмоқда. Тадқиқотда икки номзод кўриб чиқилган: 993–1020-йилларда аббатлик қилган Элфвиг ва 1020 йилда унинг ўрнини эгаллаган Вулфнот. Олимлар Элфвигнинг айнан шу тобутга дафн этилган бўлиш эҳтимолини юқорироқ баҳолаган. Чунки у аббат бўлишидан олдин ҳам Вестминстерда роҳиб бўлиб хизмат қилган.
Тадқиқот муаллифи Уорик Родвеллнинг айтишича, хулосага келишда битта далил эмас, балки барча топилмалар биргаликда ўрганилган.
Қайд этилишича, ўша даврда тош тобутлар ясаш анъанаси деярли йўқолган. Шу сабабли Рим даврига оид эски тобутдан фойдаланиш юқори мавқенинг белгиси ҳисобланган.
Янги тадқиқот жорий йилнинг 20 октябрь куни Британия археология ассоциацияси журналида эълон қилинган. У 1869 йилдан бери олимларни қизиқтириб келаётган қадимий дафн сири ҳақида янги маълумотларни очиб берган.
Маълумот учун, аббат – христиан монастирининг раҳбари, монастирь ҳаёти ва фаолиятини бошқарувчи юқори мартабали руҳоний.
Эслатиб ўтамиз, Мисрнинг Нил дельтаси ҳудудидаги қишлоқда қарийб 3 минг йил давомида ер остида қолиб кетган иккита улкан фиръавн ҳайкалининг қолдиқлари топилган эди. Улардан бири қадимги Мисрнинг машҳур ҳукмдори Рамзес II га тегишли экани тасдиқланган.
Live
AllSuyultirilgan gaz narxi 15 – noyabrdan oshadi
02 November