“Ливерпуль” футболчиси “Украина душмани”га айланди
Sport
−
10:33 811 2 minutes
Венгрия терма жамоаси ва “Ливерпуль” ҳимоячиси Милош Керкез ва унинг отаси Миллатлар лигасида Украинага қарши учрашувдан сўнг юзага келган можаро сабаб махсус веб-сайтдаги “Украина душманлари” рўйхатига киритилди. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар берди.
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Венгрия терма жамоасининг Миллатлар лигаси доирасидаги Украинага қарши очилиш учрашувида Керкез Виктор Циганков ва Доминик Собослаи ўртасидаги можарога аралашган эди. Кейинчалик “Ливерпуль” футболчисининг отаси Instagram саҳифасига ўғлининг Циганков билан тортишуви акс этган суратни жойлаган ва унга россиялик ижодкорлар AK-47 ҳамда Ноггано (Баста) ижросидаги “Russian Paradise” қўшиғини илова қилган.
“Шахсан мен ҳаётимда ҳеч қачон ҳеч қандай тажовузни қўллаб-қувватламаганман ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватламайман. Бошқаларга зарар етказадиган ҳар қандай ҳаракатни мақбул деб ҳисоблайдиган инсон эмасман. Шу билан бирга, футболда доимо кескин вазиятлар бўлади. Украинага қарши ўйинда мен фақат сардоримиз ва дўстимни ҳимоя қилдим. Рақибимиз бошқа мамлакат вакили бўлганида ҳам худди шундай қилган бўлардим”, дейди Керкез.
Футболчи отасининг ҳаракатлари учун жавобгар эмаслигини ҳам таъкидлади.
“Мен отам эмасман. У нима қилмасин, унинг ҳаракатлари учун жавобгарликни ўз зиммамга олмайман”, дея қўшимча қилди Керкез.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонлик собиқ боксчи ва Жаҳон бокс федерацияси президенти Геннадий Головкин ҳам Жаҳон бокс федерацияси томонидан россиялик спортчиларга нисбатан жорий этилган айрим чекловларни бекор қилиш ҳамда россиялик боксчиларга халқаро мусобақаларда миллий рамзлари остида иштирок этишга рухсат берилгани сабаб Украина қора рўйхатига киритилганди.
Live
All