Литва Марказий Осиё фуқароларини ишга чақиришни тўхтатди
World
−
15:05 1204 2 minutes
Литва Миграция департаменти раҳбари Индре Гаспере сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларидан Литвага бораётган меҳнаткашлар сони ортгани сабабли айни пайтда уларнинг ишлаш бўйича аризалари қабул қилинмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 22 сентябрь куни парламентдаги нутқида сўз очди.
“Шубҳасиз, сўнгги йилларда Марказий Осиёдан келувчилар сонининг ортиши кузатилмоқда, уларнинг сони кўпайди, аммо ҳозирги вақтда Марказий Осиё мамлакатларидаги ташқи хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти тўхтатилган, чунки биз ушбу мамлакатлардан ишга жойлашиш бўйича жуда кўп миқдорда аризалар олдик”, дейди Индре Гаспере парламентда.
Унинг билдиришича, иш берувчиларнинг ҳам, иш топмоқчи бўлган хорижликларнинг ҳам умидларини оқлаш учун ташқи марказлар фаолияти тўхтатилган ва аризаларни қабул қилиш тугатилган.
Миграция департаменти маълумотларига кўра, 1 сентябрь ҳолатига кўра Литвада деярли 227 минг хорижлик амалдаги яшаш гувоҳномасига эга бўлган:
- 80 минг – Украина фуқаролари;
- деярли 48 минг – Беларусь фуқаролари;
- 13 минг – Россия фуқаролари;
- 13 мингга яқин – Ўзбекистон фуқаролари;
- 9,4 минг – Ҳиндистон фуқаролари;
- 7,4 минг – Тожикистон фуқаролари.
Индре Гаспере айнан қайси мамлакатлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Литва ҳокимият органлари кириш ва ишлаш ҳуқуқини олганлар томонидан қоидабузарликлар юз бергани сабабли Душанбедаги виза маркази ёпилишини эълон қилган эди.
Ушбу марказнинг икки йиллик фаолияти давомида 6,5 мингга яқин киши, асосан ҳайдовчилар ва қурувчилар мамлакатда яшаш ҳужжатларини расмийлаштирган. Бироқ аниқланишича, уларнинг аксарияти мамлакатдан транзит нуқтаси сифатида фойдаланган, амалда эса ЕИнинг бошқа мамлакатларида меҳнат қилган.
Live
All