Латвия жамоат жойларида рус тилидан фойдаланишни чекламоқчи
World
−
17:16 237 2 minutes
Латвия ҳукумати жамоат жойларида рус тилидан фойдаланишни чеклаш учун ҳуқуқий асос яратишни кўзламоқда. Бу мамлакат Вазирлар Маҳкамасининг келгуси йилларда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар тўғрисидаги декларациясида назарда тутилган. Бу ҳақда “Meduza” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Латвия ҳукумати иш режасига “Руслаштиришдан воз кечиш тўғрисида”ги декларацияни қабул қилишни киритган. Бироқ ҳужжатда рус тилидан фойдаланиш бўйича қандай аниқ чекловлар жорий этилиши ёки улар қонунчиликда қай тартибда мустаҳкамланиши очиқланмаган.
Шунингдек, декларацияда олимлар, тарихчилар ва социолингвистлар тавсияларини инобатга олиш ҳамда латиш тилининг ягона давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос яратиш кўзда тутилган. Бироқ бу тавсиялар айнан кимлар томонидан ва қандай шаклда тақдим этилишига аниқлик киритилмаган.
“Delfi” маълумотларига кўра, ҳукумат жамоат ва ахборот маконида, ҳамда иш жойларида латиш тилидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Расмийлар фақат латиш тилида контент эълон қиладиган нашрларни қўллаб-қувватлашни ҳам ваъда қилган.
Декларацияни қачон қабул қилиш режалаштирилаётгани ҳозирча маълум эмас. Қайд этиш жоиз, Латвия расмийлари жамоат жойларида рус тилидан фойдаланишни чеклаш бўйича аввал ҳам бир қатор чораларни кўрган. Хусусан, 2024 йилда банкоматлар менюсидан рус тили қонунан олиб ташланган, 2025 йил ёзида эса банк иловаларида ундан фойдаланиш тақиқланган.
Бундан ташқари, 2026 йил октябрь ойида Латвия парламенти LSM жамоат телерадиокомпаниясига рус тилида контент тайёрлашни тақиқловчи қонунни қабул қилган. Унга кўра, компания фақат фавқулодда вазиятлар, фавқулодда ҳолатлар ёки ёлғон маълумотни атайлаб рад этиш зарурати туғилган ҳолатларда рус тилида материал тайёрлаши мумкин. Тақиқ 2027 йил 1 январдан кучга киради.
Маълумот учун, 2022 йилда ўтказилган сўров натижаларига кўра, Латвия аҳолисининг қарийб 38 фоизи рус тилини она тили деб ҳисоблашини билдирган.
Live
All