Кўплаб давлатлар ўхшаш муаммоларга дуч келмоқда – Шавкат Мирзиёев 

Local

image

Бугунги кунда кўплаб давлатлар ўхшаш муаммоларга дуч келмоқда. Бироқ улар бўйича бир минтақада муваффақиятли қўлланилаётган ечимлар кўп ҳолларда бошқа минтақаларда номаълумлигича қолмоқда. Бу ҳақда бугун, 1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “ШҲТ плюс” формати мажлисидаги нутқида сўз очди.

Ўзбекистон етакчиси “ШҲТ плюс” форматини минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантиришни муҳим деб ҳисоблашини билдирган.

“Барқарор ўсиш, юқори технологияларни жорий этиш, иқлимга мослашиш, инсон капиталини ривожлантириш, ҳаммабоп таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби аниқ йўналишларга эътибор қаратишни таклиф этаман.

Биз тажриба алмашишни янада кенгайтириш, ёндашувларни мувофиқлаштириш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида ечимларни биргаликда илгари суришимиз зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчисининг айтишича, “ШҲТ плюс” минтақавий ташкилотларнинг ҳамкорлик тармоғини яратиш учун платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин. Асосий вазифа – макроминтақада лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида уларнинг котибиятлари ва ихтисослашган органлари ўртасида доимий ишчи алоқаларни йўлга қўйишдан иборат.

Шу билан бирга, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий ташкилотлар салоҳиятидан янада фаол фойдаланиш лозим. Кўплаб давлатлар ўхшаш муаммоларга дуч келмоқда. Бироқ улар бўйича бир минтақада муваффақиятли қўлланилаётган ечимлар кўп ҳолларда бошқа минтақаларда номаълумлигича қолмоқда.

“Тажриба алмашиш механизми сифатида табиатдан фойдаланиш, “яшил” энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳалар ва технологияларнинг Очиқ банкини шакллантиришни таклиф этаман.

Макроминтақамизда кенг кўламли иқтисодий кооперацияни янада ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президентининг айтишича, бизнес барча жойда бозорларга кириш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши, трансчегаравий йўлакларнинг ишга туширилиши ва тўғридан тўғри инвестициялар оқими кўринишида амалий натижаларни ҳис қилиши лозим.

“Самарадорликнинг ана шундай аниқ кўрсаткичларига эътибор қаратиб, “ШҲТ Инвест” форумига доимий фаолият юритувчи платформа тусини беришни таклиф этаман”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Президент ўтган чорак аср давомида ШҲТ сиёсий тизимлари, маданий анъаналари ва халқаро жараёнларга қарашлари турлича бўлган давлатлар ўртасида ҳамкорлик бўйича ноёб тажриба тўплаганини қайд этган.

“Ушбу кенг кўламли алмашинувни ривожлантириш мақсадида “ШҲТ плюс” маданиятлар ва цивилизациялар доимий форумини таъсис этишни таклиф этаман.

Мазкур тадбирни БМТнинг манфаатдор тузилмалари билан биргаликда юртимизда, илм-фан ва маърифатнинг қадимий маркази бўлган Хива шаҳрида ўтказишга тайёрмиз”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келганини айтиб, “ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашини ишлаб чиқишни таклиф этганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends