Кредитни қайтариш муддати деҳқонлар ва тадбиркорлар шароитига мослаштирилади

Local

image

Ўзбекистонда кредитларни қайтариш муддатлари деҳқончилик, савдо ва бошқа бизнес йўналишларининг ўзига хос хусусиятларига мослаштирилади. Бу ҳақда бугун, 3 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, йиғилишда маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларининг лойиҳалар билан ишлаш кўникмалари танқидий баҳоланган.

Уларнинг аксарияти кимга кредит кераклиги, қайси лойиҳани лизинг, факторинг, кафолат, суғурта, айланма маблағ ёки шартнома асосида молиялаштириш мумкинлигини тушунмаслиги қайд этилган.

Банкирлар ва ҳоким ёрдамчилари лойиҳа тайёрлашдан олдин ҳамон “Гарови борми?” деган саволни қўяётгани танқид қилинган.

Тадбиркорларга кредит ажратишда бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётгани, кредитни қайтариш графиклари эса бизнес турига мослаштирилмагани кўрсатиб ўтилган.

Кредитларни қайтариш муддатларини деҳқончилик, савдо ва бошқа бизнес йўналишларининг ўзига хос хусусиятларига мослаштириш зарурлиги таъкидланган.

Йиғилишда оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман штабларига ўтказилиши белгиланган.

Шунингдек, туман штаблари кимга қанча кредит бериш, уни нақд ёки нақдсиз шаклда ажратиш, маблағни қайтариш муддатини узайтириш ва тўлов графигини бизнес турига мослаштиришни мустақил ҳал қилади.

Бундан ташқари, инклюзив молиялаштириш масалалари ҳам штаблар ваколатига ўтказилади.

Ҳозир оилавий тадбиркорлик учун 1 триллион 370 миллиард сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун эса 450 миллиард сўм ресурс мавжуд.

Туман штабларига маҳаллий шароит ва лойиҳаларнинг самарадорлигидан келиб чиқиб, молиялаштириш масалаларини мустақил ҳал этиш имконияти берилади.

Лидер тадбиркор 10 та оила билан кооперация қилса, 500 миллион сўмгача, 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйса, 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends