Коронавирусга қарши вакциналар триллионлаб доллар фойда келтирди
Wellness
−
16:00 796 2 minutes
Коронавирус вакциналарини ишлаб чиқиш ва етказиб беришга сарфланган ҳар бир доллар кампаниянинг биринчи йилида дунёга 59,7 доллардан 809 долларгача иқтисодий фойда келтирди. Бу ҳақдаги тадқиқот “Medical Xpress” томонидан эълон қилинди.
Қайд этилишича, муаллифлар аҳоли вирусга қарши деярли иммунитетга эга бўлмаган 2020 йилнинг декабридан 2021 йилнинг декабригача бўлган давр мобайнида 173 та мамлакат бўйича маълумотларни таҳлил қилган.
Препаратларни ишлаб чиқиш ва бутун дунё бўйлаб тарқатиш тахминан 79,4 миллиард долларга тушган, соғлиқни сақлаш тизими ва жаҳон иқтисодиёти учун умумий фойда эса 6,43 триллиондан 64,3 триллион долларгача бўлган миқдорни ташкил этган.
Тадқиқотчилар ҳисоб-китоб қилиш учун ишлаб чиқариш харажатларини сақлаб қолинган ҳаётлар, олди олинган госпитализациялар, фуқароларнинг меҳнат қобилияти сақланиши ва соғлиқни сақлаш тизимларининг тежамкорлиги кўрсаткичлари билан солиштирган. Оддий дори-дармонлардан фарқли ўлароқ, пандемия авж олган бир пайтда фармацевтика компаниялари учун молиявий хавф-хатарларни камайтириш мақсадида коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқишни турли мамлакатлар ҳукуматлари фаол молиялаштирган.
Мутахассисларнинг баҳолашича, биринчи йилдаги кенг кўламли вакцинация 14 миллиондан 20 миллионгача ўлим ҳолатларининг олдини олишга ёрдам берган. Шу билан бирга, иш муаллифлари мамлакатлар ўртасидаги кучли тенгсизликка эътибор қаратган.
Юқори даромадли давлатлар препаратлардан тезкор фойдаланиш имконияти ва хавф гуруҳидаги кекса аҳолини вакцинация қилиш шарофати билан максимал иқтисодий фойда олган. Ривожланаётган мамлакатлар эса кенг кўламли таъминотни фақат 2021 йилнинг охирига келиб, кўплаб аҳоли инфекция билан касалланиб бўлганидан кейин олган.
Олимларнинг билдиришича, вакцинация дастурларини тезкор ишга тушириш келажакдаги вирус таҳдидларидан глобал иқтисодиётни ҳимоя қилишнинг ишончли усули бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тузилган экспертлар гуруҳи COVID-19 пандемияси қандай бошланганини аниқлай олмагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All