Кореяда сўнгги бир асрдаги энг иссиқ ҳарорат қайд этилди
World
−
17:32 1782 2 minutes
Жанубий Кореяда сўнгги бир асрдан ортиқ вақт ичидаги энг юқори ҳарорат қайд этилди. Мамлакат жанубидаги Янсан шаҳрида ҳаво ҳарорати 42,5 даражага кўтарилиб, мутахассислар аҳолини очиқ ҳаводаги барча фаолиятларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Янсан шаҳрида жорий йил 2 август куни қайд этилган 42,5 даража ҳарорат 1904 йилдан буён мамлакатдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу ҳудудда жазирама иссиқ бешинчи кун кетма-кет 40 даражадан ошган. Жанубий Кореянинг бошқа йирик шаҳарлари, жумладан, Дегу ва Бусанда ҳам ҳарорат 30 даражанинг охирги кўрсаткичларига етган.
Расмийлар иссиқ тўлқини сабаб аҳолига кондиционерсиз ёпиқ жойларда қолиш хавфли эканини билдирган. Метеорология бошқармаси фуқароларни салқин жойларга ўтиш, кўпроқ суюқлик ичиш ва қуёш остида узоқ вақт қолмасликка чақирган.
“Барча очиқ ҳаводаги фаолиятларни зудлик билан тўхтатинг”, дея огоҳлантирган мамлакат Метеорология бошқармаси.
Сеулда ҳам одамлар жазирамада қочиш учун кондиционерли савдо марказлари, кафелар ва махсус совитувчи пуркагичлар ўрнатилган ҳудудларга тўпланган.
Жанубий Корея Бош вазири Хан Сонг-сук маҳаллий ҳокимиятларга иссиқдан энг кўп зарар кўриши мумкин бўлган аҳоли ҳолатини назорат қилиш, шунингдек, электр ва сув таъминоти барқарорлигини таъминлаш бўйича топшириқ берган.
Мамлакатнинг 20 дан ортиқ ҳудудида фавқулодда иссиқ тўлқини бўйича огоҳлантириш эълон қилинган. Бу йил киритилган янги огоҳлантириш тизими ҳаво ҳарорати хавфли даражага етган ҳудудларда қўлланмоқда.
Иссиқ об-ҳаво спорт тадбирларига ҳам таъсир кўрсатган. Чангвон шаҳрида ҳарорат 39,5 даражага кўтарилгани сабаб профессионал бейсбол лигасидаги учрашувлардан бири бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда жорий йил бошидан буён юқори ҳароратлар оқибатида қарийб 10 минг киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All