Конгода Эбола олти ойда 5,5 мингдан ортиқ кишининг “бошини еди”
World
−
08:29 187 2 minutes
Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси рекорд даражада тез тарқалмоқда. Олти ой ичида 11 мингдан ортиқ одам вирусни юқтирди, 5,5 мингдан зиёди вафот этди. Касаллик тарқалиши ва ўлим ҳолатлари аввалги энг йирик Эбола эпидемиясининг дастлабки олти ойига қараганда икки баравар тез ошмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, эпидемияга вируснинг кам учрайдиган Бундибугио штамми сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг 15 май куни эълон қилинган эпидемия орадан олти ой ўтса ҳам назоратга олинмаган. Конго соғлиқни сақлаш идоралари вазиятни жиловлашда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Таққослаш учун, 2014–2016-йилларда Ғарбий Африкада кузатилган Эбола эпидемияси тарихдаги энг йирик эпидемия бўлган. Ўшанда 28,6 мингдан ортиқ одам касалланган, 11 мингдан зиёди вафот этган. Ҳозирги Конгодаги эпидемияда эса касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари ўша эпидемиянинг дастлабки олти ойидагига нисбатан икки баравар тез ошмоқда.
Конгода бу Эбола билан боғлиқ 17-эпидемия ҳисобланади. Эпидемияга қарши курашда хавфсизлик муаммолари, тиббий ресурслар етишмаслиги ва ёрдам ташкилотлари ўртасидаги мувофиқлаштиришнинг сустлиги жиддий тўсиқ бўлмоқда. Касаллик тарқалган айрим ҳудудларда тиббиёт ходимлари, махсус транспорт воситалари ва эпидемиологик кузатув гуруҳларига ҳужумлар уюштирилган. Маҳаллий аҳолининг ташқаридан келганларга ишончсизлиги ҳам вазиятни мураккаблаштирмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус хавфсизлик муаммолари эпидемияга қарши курашдаги энг катта тўсиқлардан бири эканини айтган.
“Чегара билмас шифокорлар” халқаро ташкилоти эса эпидемиянинг дастлабки ўчоғи бўлган Итбури провинциясидан ташқаридаги касаллик авж олган ҳудудларга зарур тиббий воситалар ва жиҳозлар етиб бормаётганини билдирган.
Бундан ташқари, Конго тиббиёт ходимлари иш шароитлари ва маошлар кечиктирилаётгани сабабли иш ташлаган. Айрим ходимлар август ойидан буён иш ҳақи олмаган. ЖССТ раҳбарининг айтишича, бу ҳолат эпидемияга қарши чоралар кўрилишини секинлаштирмоқда. Конго ҳукумати эса муаммони ҳал қилиш устида ишлаётганини маълум қилган.
Эпидемияга қарши кураш учун 2,9 миллиард доллар ажратилиши ваъда қилинган, бироқ ҳозиргача бу маблағнинг ярмидан ками берилган. Африканинг соғлиқни сақлаш бўйича етакчи ташкилоти донорларни маблағларни самарали сарфлаш ва ёрдам такрорланишининг олдини олиш учун Конго ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола вирусини юқтирганлар сони 11 мингдан ошгани ҳақида хабар берилган эди. Касаллик оқибатида 5 387 киши вафот этган.
Live
All