КХШТ Тожикистонга Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш учун қурол беради
World
−
19:50 625 2 minutes
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) жорий йил охиригача Тожикистонга Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш учун ҳарбий техника ва қурол-яроғ етказиб беришни бошлайди. Бу ҳақда КХШТ бош котиби Талатбек Масадиков жорий йилнинг 21 октябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, дастурнинг биринчи босқичи якунланган, Тожикистон томони буюртмалар учун етказиб берувчиларни танлаб, харид суммаларини келишиб олган.
“Ўйлашимча, жорий йил кузида, йил охиригача Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Беларусдан Тожикистонга дастлабки етказиб беришлар бошланади. Бу Тожикистон ва Афғонистон чегарасини жиҳозлашга тааллуқли. Гап нафақат жиҳозлар, балки қурол-яроғ ҳақида ҳам кетмоқда”, деган Масадиков.
Ҳозирча Тожикистонга айнан қандай ҳарбий техника ва қурол-яроғ етказиб берилиши, уларнинг ҳажми ва турлари очиқланмаган.
КХШТ бош котиби дастур Афғонистонга таҳдид солишни мақсад қилмаганини ҳам таъкидлаган. Унинг айтишича, лойиҳани амалга ошириш 2029 йилнинг охиригача давом этади.
Масадиков аввалроқ, жорий йилнинг август ойида, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган қурол-яроғ ва ҳарбий техника турлари рўйхати шакллантирилганини билдирган эди. Бироқ ўшанда ҳам уларнинг аниқ таркиби ва миқдори маълум қилинмаган.
“Чегара хавфсизлиги нафақат Тожикистон, балки ташкилотнинг барча аъзолари учун ҳам биринчи даражали аҳамиятга эга”, деган КХШТ бош котиби.
Ўз навбатида, “Толибон” муваққат ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Афғонистон қўшни давлатларга таҳдид солмаётганини билдирган. У Марказий Осиёдаги хавотирларни асоссиз деб атаган.
Мужоҳиднинг билдиришича, Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматига қарши бўлган айрим ахборот тузилмалари КХШТга нотўғри маълумотлар тақдим этмоқда ва Қобул билан қўшни давлатлар ўртасида низо келтириб чиқаришга уринмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусда Россия ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг бошқа иттифоқчилари иштирокида қўшма ҳарбий машғулотлар бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All