Киев Қора денгизга чиқиш имкониятини йўқотди

World

image

Украина Днепр-Буг лимани орқали Қора денгизга чиқиш имкониятини йўқотди. Кемаларнинг бу ҳудуддан ўтиши Россия ҳарбийлари томонидан тўсиб қўйилди. Бу ҳақда Херсон вилояти губернатори Владимир Сальдо РИА Новостига берган интервьюсида сўз очди.

Унинг айтишича, Херсондаги Днепр дарёси ва Николаевдаги Жанубий Буг дарёси бўйида жойлашган портлар Днепр-Буг лимани орқали Қора денгизга чиқади. Ҳозир эса у ерда кемаларнинг ҳаракатланиши Россия ҳарбийлари томонидан амалда тўсиб қўйилган.

“Херсон портлари Днепр дарёсида, Николаев порти эса Жанубий Буг дарёсида жойлашган. Уларнинг Қора денгизга чиқиши Днепр-Буг лимани орқали амалга оширилади. Кемаларнинг у ердан ўтиши бизнинг ҳарбийлар томонидан амалда тўсиб қўйилган”, деган Сальдо.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Қора денгиз ҳавзасида, жумладан, Днепр дарёсида кемалар қатнови деярли тўхтаган.

Маълумот учун, Днепр-Буг лимани Қора денгизнинг шимолий қисмида, Херсон ва Николаев вилоятлари ҳудудида жойлашган. У Жанубий Буг ва Днепр дарёлари бўйида жойлашган портлардан Қора денгизга чиқиш имконини беради.

Аввалроқ, “Financial Times” нашри Украинада Қора денгиз орқали дон экспорт қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келганини ёзган эди. Нашр бунга Россия қўшинларининг Украина ҳарбийлари фойдаланаётган Қора денгиз портлари ҳудудидаги ҳарбий объектларга берган зарбаларини сабаб қилиб кўрсатган. Россия Мудофаа вазирлиги эса Россия Қуролли кучлари Украина Қуролли кучлари манфаатларига хизмат қилаётган порт инфратузилмаси ва кемаларига зарба бераётганини маълум қилган.

Украина Aграр сиёсати вазири Тарас Висоцкий жорий йилнинг июль ойи охирида хорижий кемалар Украина портларига киришни тўхтатганини тан олган. Унинг айтишича, кемаларнинг Украина портларига кирмай қўйиши Польша – Украина чегарасида транспорт қатновининг издан чиқишига сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россияга Қора денгиздаги фуқаролик объектларига зарба беришни ўзаро тўхтатиш таклифини юборган эди. Бироқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина билан Қора денгизда ўзаро сулҳ тузиш учун асос кўрмаётганини маълум қилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends