Хитой разведка ва киберҳужум тизимларини яратишда OpenAI’дан фойдаланди – ОАВ
World
−
01 August 1572 3 minutes
Хитой армияси билан боғлиқ тадқиқотчилар ва ишлаб чиқувчилар разведка, кузатув, киберуруш, нишонларни аниқлаш ва дронларни бошқаришга мўлжалланган ўз тизимларини ўқитиш учун сунъий интеллект (СИ) соҳасидаги АҚШнинг OpenAI ва Anthropic компаниялари моделлари жавобларидан фойдаланди. Бу ҳақда “Reuters” Хитойнинг 80 дан ортиқ илмий ишлари ва патентларини ўрганиб чиқиб хабар берди.
Қайд этилишича, тадқиқотчилар “моделларни дистилляция қилиш” деб аталалувчи усулни қўллаган. Бунда қудратли СИ-тизимининг жавобларидан нисбатан ихчам, ихтисослаштирилган моделни ўқитиш учун фойдаланилади. Бундай ёндашув моделни, жумладан, ҳарбий техникада, илғор моделларни нолдан яратиш учун талаб қилинадиган йирик ҳисоблаш ресурсларисиз маҳаллий тарзда ишга тушириш имконини беради.
Ишлардан бирида Хитой армиясининг ҳарбий разведка ва киберуруш билан боғлиқ № 96941-сонли бўлинмаси ходимлари маҳфий дастурий кодга ишлов бериш учун GPT-3.5’дан фойдаланишни тавсифлаган. Учинчи томон моделлари махфий маълумотлар билан ишлаш учун мос келмагани сабабли, тадқиқотчилар GPT-3.5 га коднинг қисқача тавсифини тузишни топширган, сўнгра ушбу маълумотлар асосида ёпиқ ҳарбий тармоқлар ичида ишга тушириш мумкин бўлган Хитой моделини ўқитган.
Хитой Миллий мудофаа технологиялари университети тадқиқотчилари ҳам тасвирларга ишлов бериш моделини кичрайтириш ва уни дронларга ўрнатиш учун дистилляция усулидан фойдаланган. Тизим реал вақт режимида видеони таҳлил қилиши, навигацияга ёрдам бериши ва алоқа узилган тақдирда ҳам нишонларни аниқлай олиши мумкин. Бошқа бир тадқиқотда Хитой Ҳарбий фанлар академияси дронлар, кемалар ва учувчисиз сувости кемалари иштирокидаги денгиз операцияси симуляцияси пайтида тактик ускуналарда нишонни аниқлаш тизимини ишга тушириш учун ушбу усулни қўллаган.
Мудофаа саноати билан боғлиқ бўлган Шимолий Хитой университетида тадқиқотчилар сунъий маълумотлар яратиш учун Anthropic компаниясининг Claude 3 Haiku моделидан фойдаланган. Бу маълумотлар асосида ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиш ва контентни модерация қилиш учун матнларни таснифлаш тизими ўқитилган.
Anthropic компанияси “Reuters”га Хитойдаги ёки Пекин назорати остидаги ташкилотларга Claude’дан тижорий фойдаланиш имконини бермаслигини ва қоидабузарликларни аниқлаш тизимларини қўллашини маълум қилган. Компания дистилляция жараёнида ихчам моделлар ўзига ўрнатилган хавфсизлик чекловларини йўқотиши мумкинлигидан огоҳлантирган. OpenAI, Оқ уй, Пентагон, Хитой ТИВ ва Хитой армияси нашр сўровларига жавоб бермаган.
Дистилляциянинг ўзи СИ саноатида кенг қўлланилади. АҚШ ва Хитой ўртасидаги баҳс Америка моделлари имкониятларини рухсатсиз ажратиб олиш эҳтимоли билан боғлиқ. Вашингтон айрим Хитой ташкилотларини технологик чекловларни айланиб ўтиш ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузиш учун ушбу усулдан фойдаланаётганликда айбламоқда. Хитой бу айбловларни рад этади ва АҚШ сунъий интеллект соҳасида “гегемонликка” интилаётганини таъкидлайди.
Шу билан бирга, дистилляция илғор моделнинг имкониятларини тўлиқ такрорлашга имкон бермайди ва уни нолдан ишлаб чиқиш учун зарур бўлган ҳисоблаш қувватларининг ўрнини боса олмайди. У фақат алоҳида функцияларни арзонроқ ва назорат қилинадиган маҳаллий тизимга ўтказиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳукумати Anthropic компанияси зиммасига ўз хорижий фойдаланувчилари учун Claude’нинг энг кучли СИ моделларидан фойдаланишни ёпиш мажбуриятини юклагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All