Хитой илк экипажсиз юк ташийдиган улкан самолётни ҳавога кўтарди
World
−
10:20 704 2 minutes
Хитойда яратилган, дунёдаги энг йирик учувчисиз юк самолёти сифатида тақдим этилаётган W5000 илк синов парвозини муваффақиятли амалга оширди. Бу ҳақда “Naked Science” хабар берди.
Маълум қилинишича, W5000 самолёти Хитойнинг Air White Whale авиация компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. У жорий йилнинг 14 ноябрь куни мамлакат шимолидаги Ички Мўғулистон ҳудудида синовдан ўтказилган.
Синов парвози давомида самолёт тахминан 600 метрлик югуришдан сўнг ердан кўтарилиб, 2 минг метр баландликка чиққан. У ҳавода қарийб 30 дақиқа бўлиб, муваффақиятли қўнган.
Парвоз жараёнида автоном бошқарув тизими ва маълумот узатиш каналлари текширилган. Шунингдек, муҳандислар самолётнинг двигатели, авионикаси, алоқа ускуналари ҳамда бошқарув тизимларининг ўзаро ишлашини баҳолаган.
W5000 экипажсиз парвоз қилиш учун мўлжалланган. Унинг ҳаракати автоном тизим орқали бошқарилади, ердаги мутахассислар эса самолётнинг жойлашуви ва техник ҳолатини кузатиб боради. Ҳаво кемасининг юк бўлими ҳажми 65 куб метрни ташкил этади. Самолёт 5 тоннагача юкни 2 600 километр масофага ташиш имкониятига эга.
Самолёт конструкциясининг қарийб 65 фоизи углерод толали композит материаллардан тайёрланган. Бу унинг вазнини камайтириб, кўпроқ юк ташиш имконини беради.
Ишлаб чиқарувчилар W5000’дан ҳудудлараро юк ташиш, ҳарорат режимига риоя қилиш талаб этиладиган маҳсулотларни етказиш ҳамда фавқулодда вазиятларда таъминот ишларида фойдаланишни режалаштирмоқда. Компания баҳолашига кўра, самолётда бир тонна юкни бир километрга ташиш харажатлари экипажли ўхшаш юк самолётларига нисбатан 60 фоиздан кўпроқ кам бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида йўловчи билан учувчисиз ҳаво кемасининг намойишкорона парвози амалга оширилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All